Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз тингловчилар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Муқаддас Китоб бу — Худованднинг Каломидир.
Худованд ҳозирги кунда барча инсонларга шу Каломи орқали гапирмоқда. Худованд Калом орқали гапирса ҳам аниқ ва хатосиз гапиради. Бизга яхши маълумки, авваллари Худованд турли одамлар орқали халққа гапириб келган эди. 2 Бутрус китобининг 1 боби 20 ва 21 оятларини биргаликда ўқиб кўрсак.
“Энг аввал шуни билингларки, пайғамбар китобларида учрайдиган башоратларнинг бирортаси ҳам бировнинг хусусий тафсирига боғлиқ эмас. Ҳеч бир пайғамбар ўзининг инсоний хоҳиши билан башорат қилган эмас. Бу азиз одамлар Муқаддас Руҳ томонидан ҳаракатга келтирилиб, Худонинг сўзларини гапириб берганлар”.
Шундай қилиб, Муқаддас Каломдаги ҳар бир китобнинг иккитадан муаллифи бор экан. Биринчиси — Муқаддас Руҳ ва иккинчиси — шу китобни ёзиш учун танлаб олинган одамдир. Шунинг учун ҳам Муқаддас Каломни Муқаддас Руҳ томонидан илҳомлантирилган инсонлар тарафидан ёзилган Худонинг Каломи деб айтишимиз мумкин.
Энг эътиборлиси шундаки, ҳар бир китоб бир-бирига сира ўхшамайди. Масалан, Ишаё пайғамбар кучли сўзлар билан ёзган бўлса, шоҳ Сулаймон донолик ва ҳотиржамлик ила ўз китобини битганини кўришимиз мумкин. Барча ёзган одамлар ўзлари эшитган ва кўрганларни калом қилиб ёзиб қолдиришган.
Шу пайтларда ҳозирги замондагидек менежерлар ёки котиблар бўлмаган. Худованд Ўзининг Каломи ҳеч қандай хатосиз ёзилиши учун ва ушбу Калом авлоддан авлодларга ўтиб бориши учун ғамхўрлик қилиб келмоқда. Агар Худованднинг Ўзи шу ҳақида ғамхўрлик қилмаса, келажак авлод Муқаддас Каломдаги битиклардан хабарсиз қолиши мумкин эди.
Худога шукур, ҳозирги кунгача кўплаб халқларга Муқаддас Калом етиб келди. Муқаддас Каломда ёзилган ҳар бир сўз жуда қимматбаҳодир, чунки ушбу сўзлар Худованд ҳақидаги турли ҳақиқатларни ўзида жамлайди. Биз, инсонларга эса, абадий ҳаёт сари тўғри йўлни кўрсатади.
Калом бизни Худованднинг иродаси бўйича яшашга ўргатади ва биз, масиҳий инсонларни, турли хил гуноҳ ва васвасалардан сақланишимизга катта ёрдам беради. Азиз биродарлар, Худонинг Каломини доимо ўқиб ўрганишга ҳаракат қилинг. Калом барча билимларнинг ўчоғидир. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканмиз, сизларга яна бир бор интернет сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтмоқчиман. Сайтимизга марҳамат қилинг: www.najot.com Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.