MP3

Ассалому алайкум. Илк имонлилар жамоати ва ҳаворийларнинг ишлари уларнинг қандай одамлар бўлгани ҳақида билиш жуда қизиқ. Масиҳ Хушхабарини тарқатишда муваффақият қозонишган. Бунинг сири нимада эди? Ана шундай шогирдлардан бири Филипп бўлган. Унинг қандай одам бўлганини билиш билан, Хушхабар тарқатишдаги сирини билиб оламиз. Исо Масиҳ номи билан мўъжизалар ярата оладиган шогирд бўлиш қандай яхши! Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бироқ Филиппнинг қўлидан келарди. Агар ўтган сафарги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз, Филипннинг синалган, ҳикматга ва Муқаддас Руҳга тўлган инсон бўлганини эшитгансиз. Ундан ташқари у Самарияга бориб, Масиҳни тарғиб қилиб, ёвуз руҳга чалинган, шол-у чўлоқларни шифолади. Уларга хурсандчилик берди.

Бундай ишларни қилиш учун имонли Исо Масиҳга юз фоиз ишонадиган, бутунлай ўзини Унга бағишлаган инсон бўлиши керак. Филипп ана шундай кишилардан бири бўлган. Мен Ҳаворийлар китобини ўқир эканман, бир нарсага жуда ҳайрон қоламан. Худонинг ишларига тан бераман. Худо ҳатто ишонишимиз қийин бўлган ишларни ҳам қилади. Келинг шу воқеани Муқаддас Каломдан ўқийлик: «Шу пайтда Филиппга Худованднинг фариштаси гапириб: «Ўрнингдан тур ва жануб томон, Қуддусдан Ғазага борадиган саҳро йўлига бор!», — деди. Филипп эса йўлга равона бўлди. Ўша вақтда Ҳабашистон маликаси Кандакинининг вазири, маликанинг бутун хазиналари мудири бўлган хабашистонлик бир амалдор ўз ватанига қайтиб кетаётган эди. У Худога топиниш учун Қуддусга бориб келган, аравасида Ишаё пайғамбарнинг китобини ўқиб ўтирган эди.

Муқаддас Руҳ Филиппга : «Яқинлашиб бу аравага ҳамроҳ бўлгин! »- деди. Филипп хабашнинг олдига чопиб борди. Унинг Ишаё пайғамбарнинг китобини ўқиб турганини эшитиб, — Ўқиётганингни тушуняпсанми? – деб сўради. – Менга йўл-йўриқ кўрсатувчи бўлмаса, қандай тушуна оламан? – деди хабаш. Филиппдан ўз ёнига чиқиб ўтиришини илтимос қилди.» Унинг Тавротдан ўқиётганлари Масиҳ ҳақидаги башорат эди. Хабаш Филиппдан бу оятларнинг ким ҳақида ёзилганини тушунтириб беришни сўради. Филипп эса ўша оятдан бошлаб Исо ҳақидаги Хушхабарни унга айтиб берди. Шундан сўнг хабаш Исо Масиҳга имон келтириб, Муқаддас Руҳга тўлиб йўлини давом эттирди. Шундан сўнг Худованднинг фариштаси Филиппни кўтариб кетди. Бу Муқаддас Каломдаги мен ёқтирган воқеалардан энг ҳайратланарлиси. Филипп чиндан ҳам Муқаддас руҳга тўлган ҳаворий эди. У Муқаддас Руҳнинг гапларини эшита оларди.

Шунинг учун ҳам Унинг гапига кўра, Ғазага борадиган йўлга бориб, аравани кўрди. Аравани кўрганида ичида хабашистонлик амалдор ўтирганини, ҳамда хабаш Ишаёнинг Исо ҳақида ёзилганларини ўқиб кетаётганини билмасди. У фақат Муқаддас Руҳнинг айтганига амал қилиб, аравага яқинлашди. Шундан сўнг ҳаммаси Худонинг бошқарувида амалга ошди. Мен бу воқеадан бундай хулоса чиқараман. Агар Муқаддас Руҳга тўлсак, Муқаддас Руҳнинг ўзи бизга нима қилиш кераклигини айтади ва бошқаради. Энг асосийси Муқаддас Руҳнинг бошқарувида бўлиш. Қолган ҳаммаси эса Худонинг қўлида. Яна бир нарсага эътибор бердингизми? Филипп амалдорнинг олдига ўзи келганди. Кетаётганда эса Худованднинг фариштаси уни кўтариб кетди. Уни чарчамасин деган-да! Азиз тингловчи, бу каби қизиқарли маълумотларни билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top