MP3

Narrator 1 Асслому алайкум. Дунёда халқларнинг кўп бўлгани яхши. Халқлар ва тилларнинг кўп бўлиши Худованднинг истаги эди. У илк одамни яратганидаёқ, унга, «Баракали бўлиб, кўпайинглар, ер юзини тўлдириб, итоат этинглар,…» деган эди. Кейин эса инсонлар узоққа тарқалиб кетишни истамай, ўзларига ном чиқариш учун Бобил минорасини қураётганларида Худованд уларнинг тилларини аралаштириб юборди. Мана шундай қилиб турли тиллар ва халқлар келиб чиқди. Аслида Мисрликлар Нуҳ пайғамбар наслидан. Нуҳ пайғамбар ўғиллари буюк тўфондан сўнг баракали бўлиб кўпайди. Уларнинг ўғиллари, ўғилларининг ўғил-у неваралари ҳар томонга тарқалиб кетиб, алоҳида халқларни пайдо қилди. Аслида Мисрликлар ҳам Исроил халқининг узоқ қондоши ҳисобланади.

Narrator 2 Вақт ва замонлар ўтиб, Иброҳим пайғамбар даври келди. Ибром Худо буюрганидек, йўлга чиқди. Ўша пайтда Канъонда қаҳатчилик ҳаддан ортиқ авжига чиқди. Шунинг учун Ибром қаҳатчилик тугагунча кутиб турай, деб Мисрга йўл олди. Шу ердан у хотини Сорай учун чўри ҳам сотиб олган бўлса керак. Чунки унинг ўғли Исмоилнинг онаси Мисрлик чўри Ҳожар эди. Тақдир тақозоси билан Ҳожар Сорай билан бир уйга сиғмади. Охири ўғлини олиб бошқа жойда яшашга кетди. Калом Исмоилнинг насли ҳақида шундай дейди: «Исмоилнинг насли Оссурияга кетаверишда – Мисрнинг шарқидаги Хавила ва Шур орасида ўрнашди. Қариндошларига душман бўлиб яшардилар». (Ибт 25:18). Миср халқининг Исроил халқига душманлиги ўшандан бошланган кўринади.

Narrator 1 Кейинчалик Юсуф пайғамбарнинг хизматлари туфайли Миср ва Исроил халқи яхши муносабатда бўлиб қолди. Чунки Юсуф Худованднинг ёрдами билан Миср халқини ва яқин атрофдаги халқларни қаҳатчиликда қирилиб кетишининг олдини олди. Шунинг учун ҳам Миср Фиръавни уни ўзига ўнг қўл қилиб олди. Юсуф оламдан ўтгунча Мисрни бошқаришда Фиръавнга катта ёрдам берди. Ўз қондошлари Исроил қавмини ҳам Мисрга олиб келтирди. Бироқ Юсуфни таниган Фиръавнлар ўлиб кетгач, бошқа фиръавн Исроил халқининг бир кун келиб бош кўтаришидан, душманларига қўшилиб кетишидан қўрқиб, уларни қул қилиб ишлатишга буйруқ берди. Шу пайтдан бошлаб, Исроил халқи Мисрликлар қўлида эзилиб ишлади. Халқ бундай азобли ҳаётга жуда узоқ вақт чидади.

Narrator 2 Мисрликлар Худога қарши иш қилмаганларида, Худонинг ғазабини ҳам кўрмаган бўлардилар. Улар албатта Исроил халқи Худоси борлигини билганлар, ота-боболаридан, қариялардан бу ҳақида эшитган бўлиши шубҳасиз, бироқ бунга эътибор қилмадилар. Яратувчи тирик Худонинг қудратини англамадилар. Унинг сабрини жуда узоқ синадилар. Аммо Худованд халқини Мисрликлар қўлида эзилишига бошқа чидаб тура олмади. Уни ҳар қандай ҳолатда бўлса ҳам олиб чиқиб кетишга қарор қилди. Мисрликлар Худонинг хоҳишига қаттиқ қаршилик қилдилар. Фиръавн неча-неча офатларни кўрган бўлса ҳам, ўз қулларини қўлдан чиқаришни истамай, қайсарлик қилиб, ўз қарорини ўзгартирмади. Аммо охирги офат – тўнғичлар ўлимидан сўнг, бутун Миср диёри ларзага келди. Улар Исроил халқи Худосининг қудратини, кучини ўз ҳаётларида синаб кўрдилар. Шундан сўнг ҳеч бир мисрлик исроилликларнинг ўз юртида қолишини истамади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top