MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Барйешу – бу одамнинг исмини Муқаддас Каломда учратганмисиз? Ўқиган бўлсангиз ҳам исмини эслаб қолишингиз қийин, чунки унчалик муҳим шахс эмас. Аммо унинг қилган иши биз имонлиларни хушёрликка чақириши аниқ. Унинг қилганлари орқали Худонинг йўлида қандай ишлашни билиб оламиз.

«Барйешу Кипр оролидаги Пафос деган шаҳарда яшарди. У ўша шаҳарнинг ҳокими Сергий Павелнинг ходими эди. У шаҳарда пайғамбар ва сеҳргарлиги билан ҳам ном таратганди. Ҳамма унинг пайғамбарлигига ишонар ва сеҳргарлигига қойил қоларди. Ҳамманинг ҳайратини ошириб, эътиборини қозониб юрган кунларнинг бирида бир воқеа содир бўлди…. Қандай воқеа дейсизми?

Нарратор 2 Келинг буни Муқаддас Каломдан ўқиб билиб оламиз: «Барнабо билан Шоул Муқаддас Руҳ буюрганига кўра йўлга тушиб, Селевкия шаҳрига келдилар. У ердан эса Кипр оролига сузиб кетдилар. Улар бутун оролни кезиб чиқиб, Пафос шаҳрига етиб келдилар. У ерда сеҳргар ва сохта пайғамбар бўлган Барйешу исмли бир яҳудийга дуч келдилар. Ақлли одам бўлган ҳоким Сергий Павел Барнабо билан Шоулни чақиртириб, Худонинг каломини тингламоқчи бўлди.» Мана шу ерда Барйешу ўз мавқеидан ҳавотирга тушиб қолди. Каломда унинг яҳудий бўлгани ёзилган. Шундан билиниб турибдики, у Исо Масиҳ ҳақида яхши билган. Агар хўжайини Сергий Павел Барнабо билан Шоулни тингласа, Исо Масиҳ ҳақида эшитса, Барйешунинг обрўси тушиб кетиши ва ишини йўқотиши ҳам тайин эди.

Нарратор 1 Шунинг учун ҳам у Барнабо билан Шоулга қаршилик кўрсатиб, ҳокимни Худо каломини тинглаш фикридан қайтаришга уринди. Шунда Муқаддас Руҳга тўлган Павел, унга кўзларини тикиб деди: «Эй иблис ўғли! Юрагинг ҳар хил ҳийла ва айёрликка тўлгандир, ҳар қандай ҳақиқат душманисан! Худованднинг тўғри йўлларини чалкаштиришни бас қил! Ва энди Худованд сенга қарши қўл кўтарди. Сен кўр бўласан ва бир қана вақт қуёшни кўрмайсан.» Ўша заҳоти Барйешу кўр бўлиб қолди. Бу воқеага гувоҳ бўлган ҳоким Раббимиз Исо ҳақидаги таълимотнинг ростлигига ишониб, имон келтирди.

Бундан биз имонлилар шундай хулоса чиқарамиз. Қачонки Худонинг ишларини бажаришга киришганимизда шайтон бизга қаршилик қилади. Бизни йўлдан тойдиришга, фикримиздан қайтаришга уринади. Худонинг чақириғига бўйсуниб, ишга киришганимизда у бирор бир амалдор, эътиборли киши орқали бизга қаршилик қилиши мумкин.

Нарратор 2 Мана шундай пайтларда қандай йўл тутиш бизга боғлиқ. Олдимиздаги тўсиқдан қўрқиб, ортга чекинамизми ёки Павелга ўхшаб иш тутамизми. Павел Барйешунинг кўзларига қараб, унга қаршилик қилганди. Калом уни «Муқаддас Руҳга тўлган» деб атайди. Худо бу иккисини хизматга жўнатар экан, Ўзи ҳам улар билан бирга кетди. Бу иккиси Худонинг ёрдамисиз олдиларидаги қаршиликка дош беролмасди. Чунки Барйешу уларга қаттиқ қаршилик қилаётганди. Агар Павел билан Барнабо у одамнинг қаршиликларидан қўрқиб ортга чекинганида нима бўларди? Худо уларнинг ўрнига бошқа имонлиларни танларди. Шунинг учун олдимизда қандай тўсиқ бўлишидан қатъий назар Худонинг номи билан олға юришимиз ва Худо бизга тайинлаган ишни охирига етказишимиз керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top