Narrator 1 «Мусонинг қайнатаси – Мидиён юртининг руҳонийси бўлган Ятро эди» (Чиқиш 3:1).
Ассалому алайкум. Сезган бўлсангиз, бугунги суҳбатимиз Мусо пайғамбарнинг қайнатаси Ятро ҳақида. Бу инсон ҳақида Муқаддас Каломдан анчагина маълумот олишингиз мумкин. Билганингиздек, у Мидиён юртида яшаган ва ўша ернинг руҳонийси бўлган. Мидиён юрти Мисрдан шарқда жойлашган. Муқаддас Каломда тилга олинган Мидиён юртининг қаерда жойлашгани аниқ маълум эмас. Бу юрт Синай ярим оролида ёки Ўлик денгизининг жанубидаги ерларда ё ҳозирги Ақаба қўлтиғининг шарқий томонида жойлашган бўлса керак. Руҳоний Ятро қандай инсон эди? Буни билиш учун унинг қаерда яшагани ва қандай халққа руҳонийлик қилганини аниқлаб олиш зарур. Мидиёнликлар қандай келиб чиққан? Уларнинг аждоди ким эди?
Narrator 2 «Иброҳим бошқа аёлга уйланди. У аёлнинг исми Хатуро эди. У Иброҳимга бир неча ўғил туғиб берди. Ўғилларининг исми Зимрон, Ëхшон, Мидон, Мидиён, Йишбоқ ва Шуваҳ эди.» (Ибт 25:1-6). Мидиён Иброҳимнинг иккинчи хотинидан туғилган ўғилларидан бири эди. Мидиёндан тарқалган авлод эса Мидиён халқи номи билан танилди. Улар кўчманчи халқ бўлиб, асосан ҳозирги Ақаба кўрфазининг шарқий қирғоғидаги саҳрода яшардилар. Баъзан у жой Мидиён, шу жойда яшаган халқ Мидиёнликлар деб аталган. Шу яқин атрофда Иброҳимнинг яна бир ўғли Исмоилнинг ҳам авлоди яшарди. Мидиёнликлар Исмоилдан келиб чиққан халқ билан қуда-анда тутиниб, қариндош бўлиб кетишди.
Шунга кўра Руҳоний Ятрони Иброҳимнинг насли бўлган, бироқ у қадар, Худога кучли талпинмаган халқнинг руҳонийси бўлганини билишимиз мумкин.
Narrator 1 Аммо Худо Мусо орқали, мана шу инсонни ҳам Ўз ишига жалб қилди. Даставвал у Мусонинг қайнатаси бўлди, кейинчалик Мусонинг ҳаётида кечаётган воқеаларга гувоҳ бўлди. Мусо ёниб турган бута ичидан Худонинг унга сўзлаганларини қайнатасига ва аёлига гапириб берган бўлса керак. Бу воқеа Ятро учун Худо билан яқиндан танишишнинг ибтидоси бўлган. Мусо халқни Мисрдан олиб чиқишдан олдин хотини ва болаларини қайнотаси Ятронинг ҳузурига жўнатиб юборган эди. Улар Мисрдан эсон омон чиқишгач, Ятро қизи Зиппурани ва болаларини олиб, Худонинг муқаддас тоғи этагига – саҳрода Мусо тиккан чодирга бошлаб келди. Ятро Мусога: — Мен, қайнатанг Ятро, хотининг ва иккала ўғлинг билан бирга сенинг ёнингга боряпмиз, — деб хабар берди.
Narrator 2 Мусо қайнатасини кутиб олгани чиқди ва икковлари бир-биридан ҳол-аҳвол сўраб, чодирга киришди. Чодир ичида Ятро Мусодан Худо Ўз ҳалқини қандай қилиб Мисрликлар қўлидан қутқарганини эшитгач, Худонинг ишларидан яна бир карра ҳайратланди ва юраги Худога маҳкам боғланди. У Мусодан Худонинг ишларини эшитгач, шундай деди: «- Сизларни Мисрликларнинг ва фиръавннинг қўлидан қутқарган Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!… Эгамиз бошқа ҳамма худолардан улуғ эканини энди биламан» (Чиқ 18:10-11). Шундан кейин у Худога қурбонлик келтириб, халқ билан бирга еб-ичди. Худо бу инсон орқали қандай ишлаганини билишни истасангиз, бизнинг кейинги суҳбатимизни ўтказиб юборманг. Суҳбатлар ва мавзулар ҳақида ўз фикрингизни бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз орқали маълум қилишингиз мумкин.