2:46

Болаларнинг ўсишига ёрдам 198

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учраша олганимиз учун Худованддан миннатдормиз. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали қанча Худолар бор эканлигини билиб оламиз.

Айрим одамлар бир неча худоларга сиғинишади. Лекин Муқаддас Китоб айтадики, ягона ва тирик Худо биттагина. Муқаддас китоб айтадики, Худо ягона, лекин шу билан бирга У учта шахс сифатида ҳаракат қилади. Албатта, биз инсонлар буни тушунишимиз анча мушкул.

Калом бизга Худо Ота ва Худо Ўғил ва Худо Муқаддас Руҳ ҳақида айтади. Мана шулар Худонинг уч кўринишидир. Худо Ота самода яшайди, лекин шу билан бирга улар барча жойда мавжуддир. Худо Муқаддас ва Унда гуноҳнинг ҳеч қандай аломатлари йўқдир.

Худованд Ўзи яратганларни барчасини бошқариб турибди. У дунёдаги барча нарсани бошқара олади. Худо ҳар бир инсонни алоҳида севади. Раббимиз Исо Масиҳ эса Худо Ўғилдир. У биз инсонларнинг барча гуноҳларимиз учун ўлган ва орадан уч кун ўтиб қайта тирилгандир.

Агар инсонлардан кимдир Раббимиз Исо Масиҳдан гуноҳлари учун кечирим сўраб, Уни ўз юрагига қабул қилса ва тавба қилса, У албатта барча гуноҳларни кечиради. Исо Масиҳ ўлимдан қайта тирилиб, орадан бир оз вақт ўтгач, У самога Худони олдига қайта кўтарилиб кетди.

Ҳозирги кунда У Ўз Отасининг ёнидадир. Худо Муқаддас Руҳ эса ер юзига Исо Масиҳ самога Ўз Отасининг олдига кўтарилиб кетганидан сўнг келди. У Масиҳга ишонган инсонларнинг барчасини ҳаётини бошқаради. Ҳали Раббимизга ишонмаган инсонларни эса гуноҳкорлигини кўрсатади.

Кимдир ўз гуноҳларини тан олиб тавба қилса, Муқаддас Руҳ уларнинг юрагидан жой олади ва абадий шу инсоннинг юрагида яшайди. Бундан ташқари, Муқаддас Руҳ каломни ўқиганимизда яхши тушуниб олишимизда ҳам катта ёрдам беради. Азизлар, биз юқорида айтиб ўтган Худо Ота, Худо Ўғил ва Худо Муқаддас Руҳ улар Муқаддас Учбирлик деб аталади.

Мана шу Учбирлик эса ягона Худованддир. Забур китобининг 18 боби 2 оятида шундай ёзилган: “Худонинг шуҳратини самолар намоён қилар, Унинг ижодини фалаклар тоқи айтиб турар”.

Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, агар сизларда қандайдир саволлар бўлса ёки Худованд ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз, бизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини ёзиб олинг: www.najot.com Ўйлаймизки, сайтимиздан ўзингиз учун керакли бўлган маълумотларни оласиз. Яна радио тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top