3:09

Болаларнинг ўсишига ёрдам 161

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Ҳурматли радио тингловчи ота-оналар, агар фарзандингизнинг тарбияси сизни бефарқ қолдирмас экан, демак сиз ўз фарзандингизни қадрлар, самарали тарбия усулларининг аҳамиятини тан олар экансиз.

Фарзандлар тарбияси жуда муҳим ва шарафли вазифадир. Шу билан бирга мураккаб ва чуқур ўйлаб қилинадиган ишдир. Болалар ўзларининг турли жиҳатлари билан бир-биридан катта фарқ қиладилар.

Масалан, бир бола учун қайсидир тарбиялаш усули тўғри келса, бошқа бири учун у самарасиз бўлиши мумкин. Албатта ота-она бўлиш — бу катта бахтдир. Шу билан бир қаторда катта маъсулият ҳамдир. Азиз радио тингловчи, ҳар бир ота-она ва шу жумладан ҳар бир масиҳий ўз фарзанди учун Худованд олдида жавобгардир.

Ёш фарзандлари бор ота-оналар буни яхши тушунадилар. Албатта фарзанд тарбияси узоқ давом этадиган жараёндир. Фарзандингиз йил сайин ўсиб-улғайиб боради. Демак, сиз ҳам шунга ҳамоҳанг равишда тарбия усулларини ўзгартириб боришингиз керак.

Азизлар, албатта бизнинг халқимиз фарзандни қадрлайди ва севади. Халқимизда бир ажойиб нақл бор: “Бола азиз, одоби унданда азиз.” Ушбу нақл халқимизнинг фарзанд ва унинг тарбияси хусусида нақадар қайғуришини ифодалаб турибди! Бундан ташқари, “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она,”- деган ажойиб нақл бор.

Лекин минг афсуслар билан айтишимиз мумкин-ки, бизнинг она тилимизда болалар тарбиясига бағишланган қўлланмалар ва китоблар деярли йўқ. Шундай экан, ҳозирча масиҳийлар бола тарбиясида энг ажойиб йўл кўрсатувчи ва барча доноликларга асосланган Муқаддас каломдан фойдаланишлари мумкин.

Масалан, Эски Аҳд китобидан ҳам бола тарбиясига катта эътибор берилган. Шоҳ Сулаймоннинг ҳикматлар китобида ҳам болаларни тарбияси хусусида жуда ажойиб маслаҳатлар бор. Энг муҳими, азизлар, Худованддан ибодатларингиз орқали бола тарбияси учун донолик сўранг.

Болаларингиз учун тинимсиз ибодатда бўлинг. Ҳайдовчи жуда тажрибали ва жуда эҳтиёт бўлиб машинани бошқариши мумкин. Лекин бошқа ҳайдовчилар тажрибасиз ёки бўлмаса умуман йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмай, келиб унга урилиши ва ўзини ҳам, бошқаларни ҳам нобут қилиши мумкин.

Айтмоқчиманки, болаларимизни йўлдан оздирувчи жуда кўп омиллар бор. Шунинг учун ҳам болаларимиз учун ибодат жуда муҳимдир. Азиз ота-оналар, сизлар билан хайрлашар эканман, бизнинг электрон манзилимизга мактуб йўллашингизни сўраб қоламан. Бизнинг электрон почта манзилимиз: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, соғ-саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top