3:29

Болаларнинг ўсишига ёрдам 247

MP3

Ассалому алайкум азиз радиомиз мухлислари. Сиз азиз биродарларимиз билан яна радиомиз тўлқинлари орқали соғ-омонликда учрашиб турганимиз учун Отамиз Худога миннатдорман. Азиз биродарлар, келинг болалар ҳақидаги эшиттиришимизни давом эттирсак. Ҳурматли мухлислар, оила бўлганидан кейин эр- хотин орасида айрим тортишувлар бўлиб туриши муқаррар. Албатта биринчи галда бундай тортишувларга сабабчи уларнинг ўз фарзандлари бўлади. Масалан, бола касал бўлиб қолса, кўпинча эркак киши ўз хотинини айблайди. Яъни “сен қарамагансан болага, шунинг учун бола касалланиб қолди” деган гаплар. Бундан ташқари эр-хотинларнинг орасидаги тортишувлврга яна бир сабаб бўлиши мумкин.

Масалан, “сен болага нотўғри тушунтиряпсан ёки нотўғри ўргатяпсан” деган гап- сўзлар. Ҳурматли ота-оналар, ушбу гапимиз орқали шуни айтмоқчимизки, бундай баҳс ва тортишувларни бола эшитмайдиган пайтларда келишиб олишингиз мумкин. Албатта кимдир айтиши мумкин: “Буни сизсиз ҳам биламан, ўртоқ бошловчи”, деб. “Лекин нима учун билсангиз, шунга амал қилмаяпсиз?” деган ўринли савол туғилади. Бола доимо салбий ҳаракатларни кўриб ўсиб борса, албатта унинг руҳида шундай оқибатлар тез ривожланиб боради. Шунинг учун болага доимо ижобий ҳаракатларни кўрсатиш жуда муҳим. Ташқарида кимдир келиб сизни фарзандингизни тарбиялаб беролмайди. Ҳозирги кунда барчанинг ташвиши ўзига етарли.

Агар ўзингиз ҳаракат қилмасангиз бир неча йиллар ўтиб қаттиқ афсусланасиз, деб сизни ишонтиришимиз мумкин. Албатта, бола дунёга келганидан сўнг ота-оналар ўзаро келишиб, болани қандай тарбиялаш мумкинлигини бир режа сифатида қабул қилишлари мумкин. Ҳақиқий тарбия бериш бошланганидан сўнг эса, ота-оналар доимо бир-бирларини қўлаб-қувватлашлари керак. Баъзи пайтларда улардан кимдир адашиши мумкин. Шундай ҳол юз берса, албатта алоҳида бир-бирингиз билан гаплашиб олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ота-оналарнинг орасидаги келишиб иш юритмаслик болага аксинча тарбия олишига имкон яратади. Бола келиша олмаган ота-онани кўриб уларга нисбатан ўз севгисини, ишончини ва ҳурматини йўқотади. Нафақат ота-онага, ён атрофидаги инсонларни ҳам ҳурмат қилмай қўяди. Азиз биродарлар, болага яхши тарбия беришни асло кечиктирмай бошланг. Болага эринмай қўлингиздан келгунича ёрдам беришга ҳаракат қилинг. Ҳар куни Муқаддас Каломдан болангиз билан биргаликда ўқиб ўрганинг. Ҳурматли ота-оналар, болани доимо Худонинг каломига асосланиб тарбиялаш энг тўғри усул деб биламан.

Чунки каломда катталарни ҳурмат қилишдан тортиб, ёлғончи ва исёнкор бўлмаслик ҳақида ажойиб сўзлар битилган. Агарда сизда донолик етишмаса, Худованддан донолик сўранг, албатта У ҳар бир инсондаги камчиликни тўлдиради. Шунинг билан азиз мухлислар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал, сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com Азиз биродарлар, ўзингиздаги муаммолар ҳақида бизга ёзиб юборинг. Биз биргаликда сиз учун ибодат қиламиз. Ҳозирча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top