Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Азиз биродарлар, шайтоннинг энг олий мақсадларидан яна бири, бизнинг Худога бўлган ишончимизни йўқотиш ва Худованд ҳақидаги тушунчамизни умуман тескари томонга ўзгартириб юборишдир. Шунинг учун у доимо ҳар бир масиҳий инсонни Худовандга бўлган ишончини иккилантиришга ҳаракат қилади. У ўзининг ҳийлалари билан бутун халқларни гуноҳ қилишга мажбурлай олган.
Эсингизда бўлса, у илон орқали Худованднинг яратган аёлига, яъни Момо Ҳавога шундай деб мурожаат қилган эди: “…чиндан ҳам Худо, боғдаги ҳеч бир дарахтнинг мевасидан еманглар деб айтдимикин?” Қаранг, азиз биродарлар, бу ерда умуман Худованд айтмаган нарсани ҳийлагарлик билан гапирди. Худованд фақатгина “биргина дарахтнинг мевасидан еманглар”, деб айтган эди. Шайтон эса: “Боғдаги ҳеч бир дарахтларнинг мевасидан еманглар деб айтдими?” — деб мурожаат қиляпти. Яқинда телевизор орқали бир кўрсатувга гувоҳ бўлдим. Барчамизга яхши маълумки, ҳозир кўчаларда фаст фуд, яъни тез овқатланадиган шахобчалар мавжуд. Шу шахобчаларда ишлайдиган сотувчилар иш бошлашидан аввал яхши тайёрланар экан.
Масалан, кимдир қовурилган картошка сотиб олса, сотувчи унга: сизга ичиш учун нимадир берайми? — деган саволни беради. Албатта, овқат еган одам нимадир ичишни хоҳлайди. Харидор: “ҳа, бирон нарса беринг,” — деса; каттасиданми? — деб яна сўраркан сотувчи. Ўз-ўзидан маълумки, харидор: “ҳа, каттасидан,” деган жавобни беради. Бу ҳам шахобчада ишлайдиган инсонларнинг психологик бошқаларга таъсир ўтқазишидир, деб айтишимиз мумкин. Хуллас, шайтон ҳам айёрлик билан аёлга мурожаат қилиб: “Худо сизларга ҳамма дарахтларнинг мевасидан еманглар, деб айтдими?” — деб ёлғон гапирган эди. Хуллас, шайтон аёлдан кутилган жавобни олганидан сўнг, Худованд ҳақида бошқа ёлғонларни ишлатиб гапира бошлади.
Уларнинг суҳбатини охирида эса шайтон Одам Ато ва Момо Ҳавони алдаб, Худованд ман этган мевани еб кўришга мажбур қила олди. Шайтон уша пайтда Одам Ато ва Момо Ҳавога айтган эди: “Худога ишонманглар, У сизларни алдаяпти”, — деб. Айнан шу гапини у ҳозирги кунгача ишлатиб келмоқда. Шайтон биз инсонларни Худонинг сўзларига ва Унинг куч-қудратига нисбатан иккиланишимизни хоҳлайди.
Худованднинг ваъдасига иккиланган одам Худонинг Ўзига ҳам ишониши қийиндир. Азиз биродарлар, мана шу — шайтон билан биз масиҳийларнинг орамиздаги руҳий жангдир. Худованд шу пайтгача инсонларга берган ваъдаларини амалга ошириб келди.
Бундан кейин ҳам Худованднинг айтганлари бўлади. Раббимиз Исо Масиҳ ер юзига албатта яна қайта келади. Шунда барча иккиланиш ва васвасаларга чек қўйилади. Азизлар, Худовандга умид боғланг, У ҳеч кимни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини сиз, азизларга яна бир бор эслатиб ўтишни истайман. Манзилимиз: www.najot.com хайр, саломат бўлинг.