Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугун сизларнинг эътиборингизга қамоқдаги бир аёлнинг қилмишлари ва Худонинг марҳамати ҳақидаги гувоҳликни тақдим қиламиз. У аёлнинг исмини шартли равишда Тамара деб атаймиз. У ўзининг исми ошкор этилишини истамайди. Хуллас Тамаранинг гувоҳлигини ўзи ҳикоя қилиб бергандек бошлаймиз.
«Мен эсимни таниганимдан бери ота-онам мени ёқтирмаслигини ҳис қилиб яшаганман. Кейин маълум бўлишича, онам менинг туғилишимни истамаган экан. Отам мен туғилишимдан олдин ичкиликдан вафот этган, ойим эса бошқа кишига турмушга чиққанди. Онамнинг меҳридан мосуво бўлганим етмагандай, ўгай отам ҳам мени тинмай турткиларди. Уларнинг турткилашларидан безор бўлиб, кўчага қочардим.
Narrator 2 Ўн беш ёшга тўлганимда, ўзимдан катта бир йигитдан ҳомиладор бўлиб қолдим. Буни билгач, онам билан ўгай отам мени уйда ҳайдашди. Ҳукуматнинг ёрдами билан боламни дунёга келтириб, бир хонали квартирада яшай бошладим. Мени севадиган, мен севадиган бир кишига муҳтож бўлганим учун боламни олдириб ташламадим. Уни севиб ардоқлайман, у ҳам мени яхши кўради-деб ўйладим. Аммо ҳали ўзим бола бўлганим учунми ёки меҳр кўрмай яшаганим аламими, боламнинг тунги йиғиларига чидай олмадим. Бир куни тунда барбод бўлган ҳаётим учун уйғонган ғазабим шундай қўзғалдики, ўз-ўзимни назорат қила олмай, ёстиқни олиб боламнинг юзига босдим. То унинг йиғиси тўхтамагунча, босиб туравердим. Болам ўлган эди.
Narrator 1 Мени ҳукм қилиб, қамоққа олишди. Газеталарда мен ҳақимда ёзишди. Ўша пайтда боламни ўлдириб қўйганимдан бир азоблансам, номим газеталарда чиққанидан бир роҳатланардим. Қамоқда ҳеч кимга қўшилмай, виждон азоби билан яшай бошладим. Ўзим меҳр кўрмай ўсган бўлсам ҳам, боламга меҳр бермоқчи, унинг меҳрини кўрмоқчи эдим. Бир куни қамоқхонамизга бир аёл келди. У биз маҳбуслар билан Худо ҳақида, Унинг инъомлари ҳақида гаплашди. Унинг гаплари менинг юрагимга таъсир қилди. Ҳамма чиқиб кетгач, у билан гаплашишни истадим. Унинг ўзи гап бошлади. У ҳам бизга ўхшаб гуноҳкор бўлганини, ҳаётини, гуноҳларини яширмай айтиб берди. Мен ҳам нима қилганимни яширмадим. У менга шундай деди: «Тамара, сен доимо Худога қадрли бўлгансан. У сенинг барча мусибатларингни билган, У ҳаммасини кўриб турган. Унинг Руҳи сен билан бирга йиғлайди.
Narrator 2 У сен муҳтож бўлган ва сен йўқотган ҳамма нарсани сенга қайтаришни истайди. У сени қилмишларингга қарамай севади. Аммо сени шундайлигингча қолдирмайди. Исога ҳаётингдан эшик оч, Уни қабул қил, шунда У сенинг юрагингни туб-тубидан ўзгартира бошлайди. Ҳаётингнинг парчаларини олиб уларни бирлаштиради. Ундан яхши бир нарса тайёрлайди». Шундан сўнг Мен Худони ҳаётимга қабул қилдим. Юрагимдаги оғриқ енгиллашди. Худо мени қилмишларим учун кечирганини, мени қабул қилганини ҳис қилдим. Шундан сўнг ҳаётим чиндан ҳам ўзгарди. Мен энди Худонинг муҳаббатига, кечиримига ва ҳотиржамлигига эга эдим. Бу инъомлар мени бутунлай бошқа одамга айлантирди.»