Narrator 1: Ассалому алайкум, қадрдон тингловчи. Бу гувоҳликни Хитойдаги Масиҳийлар жуда яхши билишади. Бу воқеа Масиҳийларни ёппасига қирғин қилишган пайтда содир бўлган. Агар эшитган бўлсангиз, 1900 йиллардан то 1997 йилларгача балки ундан кейин ҳам масиҳийларни йўқ қилиш, таҳқирлаш, Масиҳ ҳақидаги ҳушхабарни ўлдириш ишлар қаттиқ авж олган эди. Хитойда Коммунистик партия жорий қилинганидан кейин эса, масиҳийлар умуман эркин нафас ололмайдиган бўлиб қолди. Ўша йилларда ҳам улар бир-бирлари билан кўришишни, бир-бирларига далда беришни унутмаганлар. Иложсиз қолган пайтларида, Хитой тепаликлари ёки тоғ ён бағридаги кичик-кичик ғорлар ичида йиғилишиб, бир-бирларига далда берганлар.
Narrator 2: Худога қанчалик қарши туришмасин, Унинг хушхабарини йўқ қила олишмади. Ҳатто шундай пайтлар ҳам бўлдики, Масиҳийлар ортидан тушганлар қўлларида узун, ўткир қилич билан юрганлар. Кўчада шубҳали кўринган, ёки масиҳий деб таҳмин қилинган одамни тўхтатиб, «Масиҳиймисан?», — деб сўрашган. Агар йўловчи «Ҳа» деб жавоб берса, ҳеч иккиланмай, ўша онда бошини танасидан жудо қилишган. Ўша пайтлар жуда оғир ва даҳшатли эди. Келинг энди, асосий гувоҳликка ўтайлик. Чиндан ҳам ўшанда масиҳийлар елкасида коммунистларнинг қиличи турган. Ҳеч бир масиҳий ўзини хавфсизман дея олмасди. Шунга қарамай, бир киши ўз эътиқодидан қайтмагани ҳақидаги ажойиб гап-сўзлар юради. Бир куни бир масиҳий кўчага чиқиб, ёшликда бирга ўсган йигитга дуч келади.
Narrator 1: Афсуски бу йигит Коммунистлар формасида, бошқаси эса оддийгина кийимда эди. Иккови жуда қайноқ кўришишни истаса-да, бирининг оддийлиги, иккинчисининг хизматда эканлиги орасига тўсиқ бўлди. Шу билан йўлларида давом этишди. Бошқа бир сафар Коммунист йигитни Масиҳийларни тозалаш ишига юборишди. Йўлида давом этар экан, яна ўша дўстини кўрди. У қиличини унинг елкасига қўйишга мажбур эди. Қиличини қўйиб, ундан ҳам одатдаги саволни берди: «Масиҳиймисан?» Йигит дўстига « Ҳа», — деб жавоб берди. Коммунист бу жавобдан ва дўстининг жасоратидан лол қолди. Кейин эса ундан сўради: «Елкангизда қилич турса ҳам қандай қилиб сиз Масиҳийлар, ҳаётингизни йўқотишдан қўрқмай, эътиқодингизни тан ола оласиз? Сен бошингни танангдан жудо қилишимдан қўрқмайсанми?»
Narrator 2: Шунда йигит жуда ажойиб жавоб берди: «Мен Масиҳийман. Мен учун ердаги ҳаётимдан кўра, самода Худованд билан бирга кечадиган ҳаётим қадрлироқ. Бу ерда бир онлик қийноқ билан бошимни танамдан жудо қиласан. Борди-ю, жонимни сақлаб қолиш учун, эътиқодимдан воз кечсам, Худони рад этсам, вақти келиб оламдан ўтсам, у ерда абадий азоб чекишни истамайман. Ундан ташқари мен ҳаворий Бутрус ҳақидаги ҳикояни ўқиганман. У Исо Масиҳни рад этиб, кейин жуда қаттиқ афсусланган. Мен ҳам худди у каби кейинчалик қаттиқ афсусланишни истамайман! Бошимни олавер. Розиман!» Коммунист йигит ёшликдаги дўстининг сўзларидан ҳайратга тушди. Бироқ ортида бошқа солдатлар, коммунист партияси тургани учун, хизмат бурчини бажариши керак эди. У дўстининг бошини узиб ташлади.