3:28

Худонинг сўзи 141

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчи биродарларимиз билан радио тўлқинларимиз орқали яна дийдор учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, масиҳийлик ҳаётимиз давомида ибодат энг муҳим омиллардан бири саналади. Азизлар, биринчи масиҳий биродарларимиз фақатгина Худога умид боғласаларгина яшай олишларини яхши тушунишган. Шунинг учун ҳам улар доимо биргаликда йиғилишиб ибодат қилиб туришган эди. Келинг азиз биродарлар, Ҳаворийлар китобининг 4 боби 24 оятидан айнан шу ҳақида ўқиб кўрамиз: “Улар буни эшитгач, бир овоздан Худога нидо қилиб дедилар: Эй бизнинг Эгамиз, еру осмон, денгиз ва уларнинг ичидаги ҳамма нарсаларни яратган Худо! Сен Муқаддас Руҳ орқали Ўз қулинг отамиз Довуд оғзи ила дегансан:

Миллатлар нега исён кўтаряптилар? Халқлар нега беҳуда қасад қилмоқдалар? Дунё подшоҳлари ва ҳукмдорлари бош кўтариб, Худованд ва Унинг Масиҳига қарши тил бириктирдилар” . Азизлар, шу бобнинг 31 оятида эса мана бу гаплар ёзиб қўйилган: “Ибодат қилиб бўлгач, улар йиғилиб турган жой силкиниб кетди. Ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлиб, Худонинг сўзини жасорат билан гапира бошладилар”. Азиз биродарлар, биринчи масиҳий дўстларимиз турли ибодат мавзуларида биргаликда ибодат қилишган. Улар доимо биргаликда учрашиб овқатланишар ва бир-бирларини доимо қўллаб-қувватлаб туришар эди. Азизлар, агар ёдингизда бўлса азиз ҳаворий Бутрус қоронғу зиндонга ташланганида барча биродарлар биргаликда у учун ибодат қилишган эди. Бутрус ажойиб мўъжиза билан қоронғуликдан озод бўлган эди.

Албатта унинг озод бўлишида барча масиҳийлар ва турли ибодатхонадаги биродарларнинг биргаликдаги ибодатига Худонинг жавоби эди. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ибодат ҳар бир масиҳийнинг қудратли қуролидир. Албатта, ушбу қуролни барча масиҳий биродарлар ва ибодатхоналар ўзларининг асосий душманига қарата қаршилик кўрсатиш қуроли сифатида ишлатадилар. Азизлар, барча масиҳийларда қандай муаммолар ва қайғулар бўлмасин, барчаси ибодат орқали Худовандга айтилиши керак. Чунки ибодатларимизга Худовандддан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмайди. Фақатгина У ҳар бир солиҳ масиҳийнинг ибодатларини эшитади. Раббимиз Исо Масиҳ ҳам ер юзида бўлганида кўп бора Ўзининг Отасига ибодат орқали мурожаат қиларди.

Бу билан Раббимиз Ўзининг издошларини Ундан ўрнак олишларини жуда истар эди. Шунинг учун ҳам ибодат қилиш жуда муҳим. Ибодатсиз Худованд билан яшаш мумкин эмас. Раббимиз Исо Масиҳ ҳар биримизни Худога ибодат қилишга ўргатган. Хоҳланг якка ҳолда, хоҳланг бошқа биродарлар билан биргаликда, муҳими, доимо ибодатда бўлинг ва Худодан ибодатингизга жавоб олишга ишонинг. Худованд эса асло ёлғон ваъдалар бермайди. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамизнинг манзилига ўзингизни фикр ва мулоҳазаларингизни ёзиб юборасиз деган умиддамиз. Манзилимиз: dilkash@najot.com Хайр, саломат бўлинг азиз радио тингловчи биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top