Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчилар. Биз ҳар сафар сизлар билан художўй инсонлар ҳаётида бўлган гувоҳликларни бўлишар эканмиз, ҳеч қандай уйдирма ёки ортиқча гап қўшмадик. Сиз эшитаётган гувоҳликлар атрофимизда яшаётган инсонларнинг, биздан олдин яшаган аммо гувоҳликларини қўлёзма сифатида ташлаб кетган инсонларнинг гувоҳликларидир. Бу гувоҳликлардан шубҳа қилишга ҳаққимиз йўқ. Бугун ҳам биз билан доим бирга бўлишга ваъда берган Масиҳ ҳақида гувоҳлик берамиз. Бироқ, бу гувоҳликни Масиҳнинг ўзи беради. Қандай, дейсизми? Қизиқаётган бўлсангиз, диққат билан эшитинг. У Ўзи ҳақида нима дер экан?! Муқаддас Калом Масиҳ ҳақида билишимиз мумкин бўлган ҳамма маълумотни беради. Каломда Масиҳнинг Ўзи ҳақида ёзилганларининг энг кўпи Масиҳнинг Ўз оғзи билан айтилганларидир.
Narrator 2 Масиҳ Ўзи ҳақида шундай дейди: «Аёл Исога: — Қутқарувчи Масиҳ келажагини биламан. У келганида ҳамма нарсани бизга маълум қилади, — деди. Исо аёлга: — Сен билан гаплашаётган Мен Ўшаман, — деди.» (Юҳ 4:25-26). Даставвал, Исо Масиҳ Ўз ишини бошлаш ибтидосида ибодатхоналардан бирига кирди. Унга Ишаъё пайғамбарнинг китобини узатдилар. У китобни очиб, қуйидаги оят ёзилган жойни топди: «Худованднинг Руҳи Менга ёр. У Мени муқаддас мой-ла, мойлади. Бечораларга мужда етказмоқ учун, дилабгорларга шифо бермоқ учун, асирга: озод бўлгил, басирга: очилсин кўзинг, демоқ-чун, мазлумга эркинликни эълон этиб, марҳамат йили бўлгай, демоқ-чун Худованд Мени юборди.» Кейин Исо китобни ёпиб, хизматкорга бериб, ўтирди. Ибодатхонадаги барчанинг кўзи Унга тикилди. Исо уларга сўзлай бошлади: — Сизлар эшитган калом шу бугун бажо бўлди, — деди. (Лук 4:17-21).
Narrator 1 Исо Масиҳ ўша дамда Ишаъё пайғамбарнинг Масиҳ ҳақида айтилган башоратини ўқиган эди. У шу каломни ўқиб, тингловчиларга илк марта: «Мен Масиҳман», — дея гувоҳлик берди. Яна Исо шундай айтди: «Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келган одам сира оч қолмас. Менга ишонган одам ҳеч қачон чанқамас» (Юҳ 6:35). У Ўзини инсон тириклиги учун керак бўлган «нон»га қиёслади. Чиндан ҳам руҳан тирик бўлишимиз учун Исо Масиҳга муҳтожмиз. У яна ўзи ҳақида шундай дейди: «Мен оламда бор эканман, оламнинг нуриман» (Юҳ 9:5). «Сизларга ростини айтай: — Мен қўйларнинг эшигиман. Мендан илгари ўтганларнинг ҳаммаси ўғри ва босқинчи эдилар. Лекин қўйлар уларга қулоқ солмадилар. Мен эшикман. Ким Мен орқали кирса, нажот топади. У кириб чиқиб, яйлов ҳам топади» (Юҳ 10:7-9). «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди» (Юҳ 14:6).
Narrator 2 Исо Масиҳ ток ва новдаларни Худо шоҳлигига ўхшатиб айтаётган пайтда шундай деди: «Мен ҳақиқий токман, Отам эса Боғбондир. Мендаги ҳосил бермайдиган ҳар бир новдани У кесиб ташлайди. Ҳосил берадиган ҳар бир новдани эса, яна кўпроқ ҳосил берсин деб, ҳомток қилиб тозалайди.» (Юҳ 15:1-2). Унинг азалдан бор бўлганини ва дунё охиригача мавжуд бўлишини эшитгансизлар. Унинг Ўзи ҳам бу ҳақиқат ҳақида гувоҳлик беради: «Мен – Ибтидо ва Интиҳодирман». (Ваҳ 1:8). «Қўрқма! Мен аввалию охиридирман. Тирикман. Ўлган эдим ва мана, абадулабад тирикман. Омин.» (Ваҳ 1:17-18). Юқорида тинглаганларингиз Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзи ҳақида берган гувоҳлиги эди. Илоҳий Зотнинг Ўзи ҳақида берган гувоҳлиги энг ишонарли ва ҳаётимиз учун зарур бўлган гувоҳликдир.