3:07

Ота-оналарга маслаҳат

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон ота-оналар. Фарзанд вояга етказаётган ота-оналар учун ҳар қандай мавзудаги тўғри маслаҳатлар сув билан ҳаводек зарур. Бугун фарзандингиз мактабда ва мактабдан ташқарида билим олиши учун зарур бўлган баъзи маслаҳатларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Бундан 20-30 йил олдин мактаб юкламалари бунчалик қийин эмасди. Ўша даврдаги ўқувчилар мактаб вазифаларини осонгина, мустақил бажара оларди. Аммо бугунги замонавий болаларга бироз қийин. Борган сари мактаб юкламалари мураккаблашиб бормоқда. Болалар шу юкламаларни талаб этилганидек бажариши учун уларга ота-оналарининг ёрдами керак. Даставвал, болангизнинг соғлиғи учун курашинг. Унинг организми ва миясига керакли бўлган озиқавий моддаларни беришга одатланинг. Яна бола мияси учун етарлича кислород зарур. Кислородга тўйинган мия жуда яхши ишлайди.

Narrator 2 Шундай экан, бола бўш вақтида кўпроқ ҳаракат қилсин. Кўчага бирга чиқиб сайр қилинг, футбол, воллейбол ёки баскетбол ўйнанг. Дам олиш кунларида эса бола учун тўлақонли ҳордиқни ташкил этинг. Дам олиш кунлари телевизор ёки компютер ёнига умуман яқинлашманг. Улар билан табиат қўйнига чиқинг. Мана шу тавсиялар мактаб ўқувчисига вазифаларни осонроқ енгиб ўтишига, ўқув дастурини яхшироқ ўзлаштиришига, ота-оналарга эса ўзларининг севимли фарзандлари учун ҳотиржам бўлишига имкон беради.

Ота-оналарда яна бир савол туғилади. Болага уй вазифасини қилишга ёрдам бериш керакми? Бу саволга баъзан «ҲА», баъзан «Йўқ» деб жавоб бериш мумкин. Масалан, биринчи синфга чиққан болаларнинг кўпчилиги, ота-оналарининг ёрдамисиз уй вазифаларини бажара олишмайди. Уларга албатта ёрдам керак.

Narrator 1 Аммо каттароқ болалар мактабда берилган уй вазифасини ўзлари бажаришлари керак. Улар буни қила олишади. Фарзандингизда кичиклигидан мустақиллигини ривожлантириб боринг. Унда вазифаларни бажара олишга қобилият ва мустақиллик борлигини уқтириб боринг. Аммо агар уддалай олмаса, ёрдам беришингиз мумкинлигини ҳам эслатиб қўйинг. Болалар мактабда оладиган оралиқ натижа баҳолари учун мақтаб қўйинг. Бу уларни руҳлантиради ва ўзига бўлган ишончни кучайтиради.

Болага сизнинг ёрдамингиз зарур бўлса, машқ ёки масалаларни еча олмаётган бўлса, аввало иш нега тўхтаб қолганини аниқлашга ҳаракат қилинг. «Буни қандай қилиб ҳисобладинг?» ёки «Бу рақамни қаердан олдинг?» деб сўранг. Агар бола машқни тушунмаган бўлса, уни ечишга ҳаракат қилманг, чунки бола аввал машқни яхшилаб тушуниб олиши керак.

Narrator 2 Агар фарзандингиз ўзи ҳаммасини ишонч билан бажараётганини ҳис этсангиз, унга ўргатишга ҳаракат қилманг. Тез-тез мактабга бориб, ўқитувчи билан фарзандингизнинг билим борасида оқсайдиган томонлари ҳақида суҳбатлашинг ва у билан маслаҳатлашинг. Агар фарзандингизга мисол ечимларини худди мактабда тушунтиришганидай тушунтириб берсангиз, уни адаштирмайсиз.

Уй вазифаларини бажаришга ҳадеб ёрдам бераверманг. Аммо болангиз узоқ касалланиб қолган бўлса, ёки берилган вазифа жуда мураккаб бўлса, ёрдам беришингиз мумкин. Болаларнинг барчаси табиатан жуда қизиқувчан бўлади – улар янги нарсалар ҳақида билишни, дунёқарашини кенгайтиришни истайдилар. Асосийси уларнинг билим олишга бўлган интилишини сўндириб қўймаслик.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top