MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Атрофга назар солсак, кўп инсонларнинг ўз тақдирларидан норозилигини, ҳеч ҳам ишлари юришмаётганидан нолишини, шунча йил яшаб бирор кўзга кўринган нарсага эриша олмаганини эшитасиз. Уларнинг кўпчилиги асосан ҳаётда омади юришмаганидан нолишади. Омад деган нарса уларга йўлиқмагани учун мана шундай самарасиз ҳаёт кечириб юрибман, деб ҳисоблашади. Гўёки атрофдагиларнинг кўпчилиги уларга нисбатан адолатсиз ёки умуман тақдирнинг ўзи уларга шундай «шафқатсиз» муносабатда бўлгандек. Бундай пайтда инсон ҳақиқатни кўра олмайди. Ҳақиқат шундаки, биз ўз тақдиримизни ўзимиз яратамиз. Умр йўлимизни, қиладиган муҳим қарорларни ўзимиз танлаймиз. Шундай экан уларни ўзгартириш ҳам ўз қўлимизда.

Narrator 2 Инсон вояга етиш жараёнида турли кишилар билан дўстлашади, турли китоблар ўқийди, кино кўриб, мусиқалар тинглайди. Кўрган-эшитганларидан керакли хулосани чиқаради. Шу тариқа инсонда ташқи муҳитга бўлган қараш шаклланади. Аммо ўқиётган нарсасидан ҳам, кўраётганларидан ва эшитаётганларидан ҳам фақат тўғрисини чиқариб олишга ҳаракат қилиш керак. Бу пайтда ўсиб келаётган инсонга унинг яқинлари, ота-онасигина ёрдам бера олади. Уларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмаслигини, баъзилари ҳаёти ва онги учун заҳарли эканини тушунтиришлари керак. Шу нарсани яхши тушуниб олган инсон ҳаётга ва нарсаларга қандай тўғри кўз билан қарашни ўрганиб олади. Кўраётганларидан фақат яхши ва тўғрисини қабул қилади.

Narrator 1 Шу нарсалардан одатлар ҳам шаклланади. Одатларни танлаш ҳам бизнинг ихтиёримизда. Агар ўз одатларингизни кўрмоқчи бўлсангиз, кун давмода уларни кузатиб кўринг. Сиз эрталабдан кечгача одатларингиз назоратида бўласиз. Масалан, сизда ўзингизга нисбатан ишончсизлик туйғуси бўлса, ҳар қандай ишга киришманг, унга бор кучингизни сарфлаб ёндашманг, барибир кутган натижага эришолмайсиз. Ва, яна ўзингиздан норози бўласиз. Негаки, сизда аллақачон ўз кучига, қобилиятига ишончсизлик туйғуси шаклланган. Буюк америкалик ёзувчи Огмандино «Омадли ва омадсизларнинг орасида фақат битта фарқ бор, бу уларнинг одатлари», деган экан. Ана кўряпсизми, агар чиндан ҳам ўз ҳаётингизни тубдан ўзгартириб, бахтли ва омадли умр кечирмоқчи бўлсангиз, биринчи ўринда одатларингизни ўзгартиринг.

Narrator 2 Ўзингизга диққат билан назар солинг, кузатинг. Одатларнинг ҳаммаси ҳам ёмон бўлавермайди. Сиз фақат ҳаётингизга ва бирор бир ишни кўнгилдагидек қилишга ҳалал берадиган одатларни топишга ҳаракат қилинг. Улар дангасалик, иккиланиш, қатъиятсизлик бўладими ёки пала-партишлик, ҳаммасини дафтарингизга ёзиб олинг. Кейин эса улар билан курашишга ҳаракат қилинг. Ҳаракатни сизни яратган Яратувчига ибодат қилишдан бошланг. Умуман ҳар доим бирор иш қилишни ибодатдан бошланг. У сизга ўзингиздаги кераксиз ва зарарли одатларни олиб ташлашга ёрдам беради. Агар кейинги суҳбатларимизни ҳам тингласангиз, самарали ҳаёт кечириш, бирор бир ишнинг уддасидан чиқиш йўлидаги тўғаноқ бўлган одатларни олиб ташлаш йўлларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top