Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, уй гуруҳлари мавзусидаги эшиттиришимизни яна давом эттирмоқчиман. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳозирги кунда кичик уй гуруҳлари учун долзарб муаммолардан бири бўлиб турган нарса, бу умумий йиғилишларга жой топиш бўлиб турибди. Шуни инобатга олган ҳолда, барча уй гуруҳлари чўпонларига ва оддий гуруҳ аъзоларига шуни айтиб ўтмоқчи эдикки, азизлар, тинимсиз айнан шу муаммони ечилиши учун ибодат қилинг.
Лекин қайсидир кичик уй гуруҳларида умумий йиғилишларни ўтқазиши учун муаммо бўлмаслиги мумкин. Агар бошқа гуруҳларда шунга ўхшаш муаммоларни кўриб билиб турган бўлсангиз, албатта уларга ҳам ёрдам қўлини чўзинг. Ахир барча биродарлар бир оилага тегишли-ку. Барчамизнинг Отамиз бир-ку. Умумий йиғилишлар асосан якшанба кунлари ўтқазилади. Лекин якшанба куни имкон бўлмаса, бошқа кунларда ҳам бемалол ўтқазишингиз мумкин. Бундан ташқари йиғилишни ўтқазишда биродарларнинг қайси бирида имкон бўлса, ўз уйингиздан умумий йиғилиш учун жой ажратиш мумкин. Азизлар, тушунаман, биринчидан, бу хавфли бўлса, иккинчидан, кўпчиликни бир уйда қабул қилиш анча мушкул.
Мен ўз бошимдан кечирган айрим мисолларни сиз азизлар билан бўлишиш ниятида эдим. Албатта ушбу гапларимни манманликка йўймайсиз деган умиддаман. Биз аёлим билан ўзимизга тегишли уйни сотиб олишимиздан аввал, уч ойдан кўпроқ ибодат қилаган эдик. Ибодатларимизда “Худованд, Сен бизга берадиган уйингда Сени фарзандларинг йиғилиши учун имкон бўлсин” деган сўзларни айтиб ибодат қилган эдик. Худованд, албатта, бизга уч хонали уй берди. Ҳозирга қадар турли байрамларда ва умумий йиғилишларда бизнинг уйимиз эшиклари доимо биродарлар учун очиқдир. Ҳаттоки ёдимда баъзи пайтларда саксондан ошиқроқ биродарлар билан биргаликда Худони улуғлаб, бизнинг уйимизда йиғилишлар ўтқазганмиз.
Ҳозирги кунда ҳам шу удумни давом эттириб келмоқдамиз. Азизлар, Худованд биз билан бирга бўлса, кимдан ва нима учун қўрқиш керак? Худованднинг Ўзи ҳар биримизнинг муҳтожлигимизни биздан кўра яхшироқ билади. Муқаддас каломда ёзилганидек, “кимки шу кичиклардан бирини Менинг номимдан қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади” деган оятни асло ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Азизлар, бир-биримиз учун доимо ибодатда бўлайлик. Худованд ҳамма нарсага қодир. Уйларингизни эшикларини биродарлар учун очинг ва юрагингизни бир четида ётган қўрқувни четга суриб ташланг.
Ахир биз Худога тегишли биродарлармиз. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Ўзингиздаги фикрлар ва муаммоларни биз билан бўлишасиз деган умиддамиз. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.