Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Шундай экан марҳамат, “Дилкаш” радиоси сизнинг хизматингизда. Азиз биродарлар, ёвуз руҳлар ҳақида Клайв Льюиснинг ёзганларини сизга ҳам айтиб ўтмоқчи эдим. У жумладан шундай деган эди: “Ёвуз руҳларга қаратилган иккита бир хил кучга эга бўлган ва бир-бирига қарама қарши бўлган англашилмовчилик мавжуд. Бири унга ишонмаса, иккинчиси унга ишонади ва ўзига яраша носоғлом қизиқиш ҳам билдиради. Ёвуз руҳлар эса иккала қарашга ҳам рози ва иккисидан ҳам хурсанд, яъни ёвуз руҳлар материалистни ҳам, қора магияни ҳам қўллаб-қувватлайди”. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, Льюис ҳар томонлама ҳақ, деб айтишимиз мумкин.
Минг афсус билан айтишимиз мумкинки, бугунги кунда мана шу икки кўринишнинг изларини ҳозирги кун жамоатларида кўришимиз мумкин. Сабаби, биринчи кўринишдаги имонли биродарлар масиҳийлик ҳаётида руҳий жангнинг кечинмаларини тасаввур қила олмайдилар ва руҳий жангнинг борлигига қўшилмайдилар. Айтишимиз мумкинки, бундай биродарлар масиҳий бўлиб нажотга эга бўлганларидан хурсанд, энди уларнинг ҳаётларига ҳеч нарса хавф-хатар солмайди. Нима учун ҳаммаси яхши кетаётган бўлса, ҳали хануз шайтон дунёда Худовандга қарши чиқяпти? Нима учун масиҳий биродарларнинг ҳаётида кўплаб муаммолар ва уларни тўғри йўлдан адаштирувчи кучлар учраб турибди? Ҳали кўплаб инсонлар шайтоннинг қуллиги остида юришибди. Азизлар, қўполроқ бўлса ҳам айтишга қарор қилдим. Орамизда дангасароқ биродарлар, хизматчилар ва руҳий кучсизроқ биродарлар бор. Шайтон доимо уларни ҳаётларига хавф солиб келмоқда.
Керак бўлганида уларни ўз томонига ҳам оғдириб олмоқда. Албатта масиҳийлар шайтон билан руҳий жанг қилиш ўрнига, ўзлари учун қулай бўлган жойда жимгина ўтириши шайтоннинг янада қутиришига олиб келади. Иккинчи кўринишдаги инсонлар ҳақида ҳам икки оғиз гапирсак. Иккинчи кўринишдаги инсонлар фақатгина дунёдан лаззатланиб эркин яшашга ўрганиб қолишган. Улар учун масиҳийликда ҳеч қандан чегара йўқ. Яъни Худованд барча дунёвий нарсалар устидан ҳам ҳоким, ва шунинг учун барча масиҳийлар ҳам эркин бўлиши керак, деб айтишади. Шайтон эса буни ҳам қўллаб-қувватлайди ва кўпчилик биродарларни тезда йўлидан озишига имкон беради. Азиз биродарлар, Матто китобининг 16 боби 24 ва 25 оятларида шундай ёзилган:
“Агар ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ўз хочини кўтариб, орқамдан юрсин. Ким ўз жонини аямоқчи бўлса, уни йўқотади. Лекин ким Мен учун жонини йўқотса, жон топади”. Азиз биродарлар, ҳаёт бор экан, демак, руҳий жанг ҳозирча давом этаверади. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Бизнинг электрон почтамиз манзили ёдингиздадир: dilkash@najot.com Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.