3:06

Болаларнинг ўсишига ёрдам 260

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси, марҳамат тинглаб дам олинг. Ҳурматли ота-оналар, фарзандларимизнинг дўстлари бўлиши уларнинг ҳаётида муҳим рол ўйнайди. Асосан бола етти ёшдан ўн икки ёшгача бўлган пайтида кўплаб дўстлар орттиришга ҳаракат қилади. Албатта боғчага борган пайтларида ҳам кўплаб дўстлар орттириши мумкин. Лекин боғчадаги болалар маълум ёшга тўлганидан кейин турли мактабларга тарқалиб кетишади.

Мактабдаги дўстлари эса бир неча йиллар давомида улар билан биргаликда бўлиши аниқ. Шундай экан, боланинг дўсти ким бўлиши уларнинг ҳаётига катта таъсир ўтқазиши мумкин. Азиз ота-оналар, биз катталар болаларнинг дўстлар орттириши даврида уларга албатта яхши дўст топишлари учун ёрдамлашишимиз зарур. Лекин бир муаммо борки, уни ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмайди. Мен ўзимнинг бошимдан ўтган айрим воқеаларни эслайман. Келинг азиз радио тингловчи, яхшиси сизга ҳам ушбу воқеаларни сўзлаб бера қолай. Ўғлим мактабга борганида деярли бир маҳаллада яшайдиган яхши бир оиланинг фарзанди билан дўстлашиб қолди. Албатта мен ота сифатида у болани зимдан кузата бошладим.

Ҳатто оиласи билан ҳам танишиб чиқдик. Хуллас, ўғлимнинг дўсти ажойиб бола эканлиги ва мактабда энг аълочи ўқувчилардан бири эканлиги маълум бўлди. Биз ҳам аёлим билан ўғлимнинг дўстига ҳеч қандай эътирозимиз йўқ эди. Ҳатто ўғлимиз шу дўстига Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида кўп сўзлаб берар эди. Кунларнинг бирида бир қувончли воқеа юз берди. Ўғлимнинг дўсти ўз юрагига Раббимиз Исо Масиҳни қабул қилди. Албатта бундай қувончли воқеа бизнинг унга бўлган ишончимизни янада оширар эди. Лекин бола деярли ўсмир ёшига етганида унинг ота-онаси ажрашиб кетишди. Ҳаммаси айнан шундан кейин бошланди, деб ҳам айтишимиз мумкин.

Хуллас, ўғлимнинг дўсти энди умуман бошқа инсонга айланиб қолган эди. Ҳозирги кунда ҳали мактаб ўқувчиси бўлишига қарамай, спиртли ичимликлар ва сигареталар чекишининг ўзи унинг ҳаётида нималар содир бўлганидан дарак бериб турибди. Албатта биз учун, бошқалар учун, ҳатто ўғлимиз учун намуна бўлган болакай энди барчанинг орзу умидларини чиппакка чиқарди. Ўғлимизни биз қандай қилиб у билан дўст бўлмаслигини унга тушунтиришимиз анча қийин кечди. Хуллас, ўғлимиз ўзи вақт ўтиб барчасини тушунди. Ўйлайманки, бундай воқеалар учун болани айблаш керакмас.

Фақатгина барчасини Худога топшириш орқалигина муаммони ечимини топиш мумкин экан. Азизлар, ҳар биримизга Худованд донолик ато этсин. Шу билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини сиз азизларга айтиб ўтишни жоиз деб билдим: dilkash@najot.com Азизлар, ўзингиздаги шунга ўхшаш воқеалар ҳақида бизга ёзиб юборасиз деган умиддамиз. Ҳозирча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top