Ассалому алайкум азиз ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, сизларга бир саволим бор. Менга шуни айтингчи, одамни, охиратда ким ёки нима ҳукм қилади? Албатта, Худога ишонган одам Худо хукм қилади дейди, Худога ишонмаган одам учун эса хеч қандай хукм йўқ. Келинг, бу саволга тўлиқ жавоб олиш учун, Худонинг Каломига мурожаат қилсак. Масалан, Юҳанно баён этган хушхабариниг ўн иккинчи бобида шундай оятлар битилган.
“Исо хитоб қилиб деди: «Менга ишонган одам Менга эмас, балки Мени Юборганга ишонган бўлади. Мени кўрган одам Мени Юборганни кўрган бўлади. Менга ишонган ҳар бир киши зулматда қолмасин, деб Мен дунёга нур бўлиб келганман.
Ким Менинг сўзларимни эшитиб ишонмаса, уни Мен айбламайман. Мен дунёни айблаш учун эмас, балки қутқариш учун келганман.
Мени рад қилиб, сўзларимни қабул қилмаган одамнинг ҳаками бор – уни охиратда Менинг айтган каломим ҳукм қилади. Мен Ўз номимдан сўзлаганим йўқ. Аксинча, Мени юборган Отам нима айтишимни, қандай сўзлашимни Менга амр этган. Унинг амри эса абадий ҳаётдир, деб биламан. Хуллас, Мен нимаики гапираётган бўлсам, Отамнинг Менга айтганларини гапиряпман». (Юҳанно 12). Азизлар, кўриб турганингиздек, охиратда бўладиган “савол-жавобда” бизни хукм қиладиган нарса айнан Исо айтган каломи бўлиб, бизни хукм қилар экан. Албатта, Исо бу дунёга бизни қутқариш учун, гунох қуллигидан инсониятни озод қилиш учун келган. Бугунги ибодатни айнан мана шу мавзуга қаратишни мақсад қилдим. Истасангиз, ибодатимга шерик бўлинг. Бир нарса аниқки, бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Келинг, қўлларимизни ибодат учун очамиз. Худойим, бизнинг Парвардигоримиз, ҳақиқатинг қалбимиздан жой олиб, у ерда маҳкам ўрнашиб олсин.
Чунки айнан ҳақиқатинг қўл-оёқларимиздаги шайтон кишанларини бузиб ташлади. Айнан исонинг каломи, Унинг биз учун қилган иши, Унинг хочдаги ўлимию-тирилиши озод қилди. Худойим, бизни қулликка қайтишдан ўзинг асрагин. Биз ташлаб қўймайман деб айтгансан. Шундай экан, Сенга сўнги нафасимизгача умид боғлашни бизга ўргат. Бизни кундан кунга руҳан бақуват ва етук бўлишга чорлагин. Бизни охиратда, Каломинг хукм қилмасин, аксинча, номаларимиз, Каломинг варақларига ёзилиб қўйилсин. Худойим, охиратгача, оёқларимизда туриб, бор кучимиз билан айнан мана шу ҳақиқатинга, Масиҳинга умид боғлашимизга ёрдам бер. Худойим, нима қилмайлик, қаерда бўлмайлик, қандай одамларга дуч келмайлик, биз доим, ҳақиқатинга суянайлик. Ҳаётнинг қийинчиликлари бизни қийнаганида, айнан Сенинг ҳақиқатинг соясида яширинишга ёрдам бер.
Оёқларимизда туролмай, йиқилганимизда эса, айнан ҳақиқатинг бизга ўрнимиздан туришимиз учун қувват бағишласин. Айнан Каломинг, бизга шағдам қадам босишга куч берсин. Сенинг муқаддас номинг улуғлансин Худойим. Омин.
Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.