3:20

Қизингизга дўст топинг

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугунги суҳбатимиз қизлар ҳақида бўлади. Оилада қиз фарзанднинг дунёга келиши жуда ҳам нозик, назокатли, меҳрибон ва қуёш янглиғ ҳилқатнинг оилангизга аъзо бўлишидир. Чиндан ҳам қиз фарзанд жуда ҳам нозик ва меҳрибон бўлади. У табассум қилганида, сизга меҳрибонлик қилганида ё бўлмаса кичик қўлчалари билан сизга интилганида қалбингиз ёришиб кетади. Аммо ҳар бир қизалоқнинг ўзига яраша характери ва муаммолари бўлади. Бу оиланинг муҳитига ва ота-онанинг тарбиялаш усулига боғлиқ. Баъзи қизлар ўта уятчан ва тортинчоқ бўлишади. Бу балки унга онасидан ўтгандир. Бошқалари эса киришимли ва шаддод бўлишади. Қизалоқ қандай характерда бўлишидан қатъий назар яхши ўсиши учун унга дўстлар керак бўлади.

Narrator 2 Юқорида айтганимиздек, киришимли ва шаддод қизларга дўст топишнинг ҳожати йўқ. Бундай қизлар ота-оналарини бу вазифадан озод қилишади. Улар бемалол бошқалар билан тезда тил топишиб кетишади. Ундайлар атрофига бир нечта қизларни йиғиб, уларга лидерлик ҳам қила олишади. Бироқ уятчан ва тортинчоқ қизлар бундай қилолмайдилар. Уларга туртки керак. Ота-она қизларига дўст топишда ёрдам беришлари керак. Бунинг учун қизингизнинг ҳаёти билан астойдил қизиқинг. Мактабга борадиган ёшда бўлса, ундан мактабдаги синфдош қизлар ҳақида сўраб-суриштиринг. Улар орасида қизингиз яхши деб билган қизлар албатта бўлади. Мактабига бориб, улар билан танишинг. Қизингиз улар ҳақида қандай илиқ сўзлар айтганини билдириб қўйинг. Уларни уйингизга меҳмонга таклиф қилинг.

Narrator 1 Қизингиз учун қизлар кечасини уюштиринг. Она улар учун уйни тайёрлаб, мазали таом пиширса, ота қизлар базмига керак бўладиган нарсалар билан таъминласин. Керак бўлса уларга ёқадиган бирорта филм топиб, қўйиб беришни ташкиллаштирсин. Қизингизнинг синфдошлари билан бундай ҳолатда суҳбатлашиши улар орасидан дўст танлашига ёрдам беради. Кейинги сафар уларни қизингизнинг туғилган кунига таклиф қилинг. Уларнинг қизиқишлари доирасини билиб олинг. Сўнгра шунга қараб, уларни бирор бир тўгаракка жалб қилишингиз мумкин. Қизингизни ҳам бирор бир тўгаракка қатнаши, ўзининг ёшидаги қизлар билан кўпроқ танишишига ва дўст орттиришига сабаб бўлади. Шундай қилиб қизингиз ҳам дўст орттиради ҳам қизиқарли машғулот билан банд бўлади.

Narrator 2 Бирор бир машғулот билан банд бўлиш қизингизга ҳотиржамлик беради. У вақтини унумли ўтказади ва кўп нарсалар қўлидан келишини англайди. Бу нарса унинг шахс сифатида шаклланишига, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам беради. Қизингиз тортинчоқ бўлса, бу камчилигини енгишига ҳам сабаб бўлади. Агар қизингиз ўта инжиқ , аразчи ва қўпол бўлса, унга бу ҳатти-ҳаракати четдан қандай кўринишини кўрсатинг. У ва дўсти орасидаги муносабатни кузатинг ва унинг хатоларини кўрсатинг. Бунда сиз қизингиз билан рол ўйнанг. Сиз қизингиз бўлинг, қизингиз эса дугонаси. Ё бўлмаса, кўчада кетаётганингизда бирор бир қизнинг ўзига ўхшаш ҳатти-ҳаракатини қизингизга ўрнак қилиб кўрсатинг. Бу нарсалар унга ижобий таъсир қилади. Фақат унинг хатоларини тузатаётганда мулойим ва меҳрибон бўлинг. www.najot.com сайти сиз учун маълумотлар ҳазинасидир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top