Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлсада учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ҳурматли уй гуруҳининг хизматчилари, гуруҳни ташкил қилгач, нимани ўрганишингизга қандай келишиб бир қарорга келасиз? Албатта бу гуруҳга боғлиқ. Биринчи йиғилиш давомида гуруҳдагиларнинг қизиқишларини ва эҳтиёжларини билиб олишга ҳаракат қилинг. Улардан нимани ўрганишни хоҳлашларини сўранг: Муқаддас калом китоблариними, шахсиятларними?
Қайси бирини ўрганишни афзал кўрадилар? Лекин бир кишининг севимли ёки энг ёмон кўрадиган мавзуларини танлашдан эҳтиёт бўлинг. Биронта мавзуни танлаб, уни кўпчиликнинг қизиқиш ва эҳтиёжларини қондирадиган қилиб тузинг. Агар мавзу сиз учун жуда мураккаб ва қўлингиздан келмаса, буни тан олишдан қўрқманг. Бошқа осонроқ дарсдан бошлашларини сўранг. Биринчи дарс давомида гуруҳдагилардан Муқаддас калом уларга қандай ёрдам берганлигини сўрашингиз мумкин. Муқаддас калом уларнинг ҳаётларида қандай ишлаганларини айтиб берар эканлар, гуруҳ аъзолари бир-бирлари билан юзаки эмас, балки чуқурроқ тушуниб олиш фурсатига эга бўладилар.
Бу нимани ўрганишни келишиб олишингизга ҳам ёрдам беради. Азиз биродарлар, агар доимо ҳар хил мавзуларда ёки ҳар хил китоблардан ўқийдиган бўлсангиз, мавзу ўз якунига етмай қолиши аниқ. Ва гуруҳ аъзолари гап нима ҳақида бораётганини тушунмайдилар. Бу гуруҳ аъзоларининг руҳий ўсишлари учун жуда муҳим ҳисобланади. Китобларни бошидан бошлаб охиригача ўқиш керак. Шунга қарамай, кўп кишилар Муқаддас каломни шундай ўрганишни афзал кўрадилар.
Китобларни мутолаа қилиш, Муқаддас калом ҳикояларини ёки фикрларини матн ичида кўришга ва уларни бир бошдан нима бўлганлигини билиб боришга имкон яратади. Агар гуруҳингиз Муқаддас калом китобларини ўқишни хоҳласа, улардан қайси бирига: Эски Аҳдгами ёки Янги Аҳдга кўпроқ қизиқишларини сўраб билинг.
Гуруҳнинг эҳтиёжи ҳам эсингизда бўлсин. Агар улар яқинда имонга келган масиҳийлар бўлишса ёки Муқаддас каломни унчалик билишмаса, Ваҳий китобини ўрганиш тўғри бўлмайди. Яхшиси осонроқ, қисқароқ ва кўпроқ асосий бўлган китобларни танлашга ҳаракат қилинг.
Азиз биродарлар, агар ўрганишни Хушхабар китобларидан бошласангиз, мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлаймиз. Чунки у жойдан Раббимизнинг нима учун ер юзига келганидан бошлаб, то самога қайтиб кетиши-ю ва ҳаворийларнинг ҳаёт тарзи батафсил баён этилган. Баъзи каттароқ бобларни иккига бўлиб ўрганиш ҳеч қандай зарар қилмайди. Аксинча биродарларнинг яхшироқ тушунишлари учун хизмат қилади. Шунинг билан азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди. Сиз азизлар билан хайрлашар эканмиз, ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини сизга айтиб ўтсак: www.najot.com Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.