3:22

Руҳий ғалаба 293

MP3

Ассалому алайкум “Дилкаш” радиосининг доимий мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да дийдор учрашганимиздан жуда миннатдорман. Марҳамат, тингланг, эшиттиришимизни бошлаймиз. Умуман олганда, жинлар ҳам худди иблис каби Худонинг режаларини ҳар турли усуллар билан барбод қилишга ҳаракат қиладилар. Бу ҳақида Муқаддас каломнинг бир нечта китобларида ўқишимиз мумкин. Бундай ҳаракатлар иблиснинг фаолиятини янада кенгайтиради.

Сон-саноқсиз жинлар иблиснинг хизматкорларига айланадилар. Гўё иблис бир вақтнинг ўзида ҳамма ерда ҳозирдек кўриниши мумкин. Аслида бундай бўлмаса ҳам, биринчидан, жинлар турли хил касалликларга дучор қилиши мумкин. Бу ҳақида Матто Xушхабар китобининг 9 боби 32 ва 33 оятларида ва Луқо Хушхабар китобининг 13 боби 10 ва16 оятларидан ўқиб кўришингиз мумкин бўлади. Луқодан Хушхабар китобининг 13 боби 10 ва16 оятларида “ёмон руҳ” туфайли қадди букилган аёл ҳақида гапирилади.

16 оятда айтилишича, бу аёлни “ўн саккиз йилдан бери шайтон боғлаб қўйган” эди. Баъзан руҳий ёки жисмоний касаллик билан жин фаолияти ўртасида ўзаро боғлиқлик бўлади. Бироқ бу нарсани ҳар доим ҳам аниқлаб бўлмайди. Шунинг учун жисмоний ёки руҳий касалликни ёвуз руҳларга боғламоқчи бўлган киши жуда эҳтиёткор бўлиши керак. Азиз биродарлар, яна бир бор эслатиб ўтаман: Худо йўл берган тақдирдагина иблис турли хил оғриқ-касалликларга одамларни дучор қилиши мумкин.

Иккинчидан, жинлар одамларнинг онгига таъсир ўтказа оладилар. Иблис бошда ёлғон ишлатди, ҳақиқатни нотўғри тушунтирган ҳолда, Момо Ҳавонинг Худо ҳақидаги фикрларини ўзгартирди ва уни гуноҳ қилишга ундади. Иблис ва унинг жинлари ҳозирги кунгача одамларнинг ақл кўзларини “кўр” қилиб, уларнинг онгига таъсир ўтказиб келмоқда. Иккинчи Коринфликларга мактубининг 4 боби 4 оятида айнан шу ҳақида ўқиш мумкин. Коринфликларга мактубдан олинган бу парча шуни кўрсатадики, иблис инсоннинг ўйлаш ва фикрлаш қобилиятига таъсир ўтказа олади.

Албатта, бу парча ҳали нажот топмаган одамларга тегишли эканини яхши биламиз. Аммо иблис имонлилар онгини ҳам заҳарлай олишини унутмаслигимиз керак. Гапимизнинг тасдиғи сифатида сиз, азизларга, иккинчи Коринфликларга мактубининг 11 боби 3 оятини ўқиб кўришингизни таклиф қилган бўлар эдим. Аммо жинлар қанчалик кучли бўлмасин, уларнинг куч-қудрати чеклангандир. Улар ҳеч қачон Худо қилган ишни қилолмайдилар, деб ёзилган Юҳанно мактубининг 10 боби 21 оятида. Жинлар ҳеч қачон ўз куч-қудратлари билан Худонинг муқаддас ва қудратли хусусиятларига тенг келолмайдилар.Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз хам ўз нихоясига етиб қолди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com ушбу манзилимизга албатта ўз мактубларингизни ёзиб юборинг. Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр соғ-саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top