3:40

Руҳий ғалаба 306

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Азизлар, Муқаддас китобни ўрганувчи олимлардан бири “жинга йўлиқиш”нинг нима эканлигига шундай таьриф берган эди: “…инсон ичига кириб олиб, унга таьсир ўтказадиган ва бевосита уни бошқарадиган, унинг ақл-идроки, баъзан эса танасига ҳам оғриқ ва зарар етказадиган жин. Жинга йўлиққанликни инсонга нисбатан қилинаётган жинга хос ҳатти-ҳаракатларга қараб фарқлаш мумкин.

Бу ҳолатда жиннинг ҳар бир ҳаракати ташқарига чиқади. Жинга йўлиқиш ичкарида содир бўлади”. Бу таърифдан келиб чиқадиган бўлсак, имонли киши жинни бўлиши мумкин эмас, чунки унинг ичида Муқаддас Руҳ яшайди. Бироқ имонли киши ёвуз руҳлар томонидан шу қадар кўп ҳужумларга дучор бўлиши мумкинки, натижада четдан қараганда, у худди жинга чалингандек кўриниши мумкин. Азизлар, кўча- кўйда юрганимизда, баъзан шунга ўхшаш инсонларга дуч келишимиз мумкин. Муқаддас китобда имонли киши жинга йўлиқиши мумкин деган тасдиқ йўқ.

Ҳар бир имонлининг вазифаси жинларни қидириш эмас, балки уларнинг борлигини, таъсир ўтказа олишини тушуниб етиш ва Раббимиз берган ҳокимлик билан уларга қарши мустаҳкам тура олишдан иборатдир. Эфесликларга мактубининг 6 боби 10 ва12 оятларида ҳамда 1Бутрус китобининг 5 боби 8 ва 9 оятларида шу ҳақида ўқиб кўришингиз мумкин. Жинга йўлиққан кишининг одатда одоб-аҳлоқи ва руҳий феъл-атвори анчайингина ўзгаради. Кўп ҳолларда одамнинг овози бошқача бўлиб қолади, ақл-идроки, билим даражаси ўзгаради. Жинлар таъсири остида бўлган одам ҳатто жин истаган нарсани ҳам гапириб юбориши мумкин. Ҳаттоки ўзини йўқотиб, бошқаларга зарар етқазиши ҳам мумкин.

Кўпинча бундай ҳолатларни медицинада бошқача тарифлашади. Аслида эса инсоннинг бунчалик тез ўзгариб қолишида жинлар сабабчи бўлади. Маркдан Хушхабар китобининг 1 боби 23 ва 24 оятларида жинлар Нажоткорни таниган заҳотлариёқ одам орқали гапириб юборганлар. Бу ҳолат эҳтимол, бу одамнинг ғайритабиий билим ва ақлий кучга эга бўлганлигидан далолат берар. Жинга йўлиққанликнинг бошқа бир аломатини Муқаддас китобдан бошқа бир телбада ҳам кўриш мумкин. Ичидаги жинларнинг куч-қудрати ёрдамида бу телба занжиру кишанларни синдириб, узиб ташлай олган. Юқорида айтиб ўтилганидек, имонли киши Ҳазрати Исо берган ҳокимият билан иблиснинг қудратига мустаҳкам қаршилик кўрсатиши керак.

Иблис ва унинг жинларига қарши туриш — бу имонли кишининг ўз ҳаётида гуноҳли ишлардан бош тортиши демакдир. Агар имонли киши ўз ҳаётини ёвуз кучларнинг ҳар қандай таъсиридан тозалашни истаса, у руҳга тўлиб юра олиши, муттасил дуо қилиши, Муқаддас китобни ўқиб-ўрганиши, ҳис-туйғулари ва руҳиятидаги синиқликларни тузатиши ва бошқа одамлар билан соғлом, диёнатли муносабатлар ўрнатиши керак. Азизлар, шу ерда сизлар билан хайрлашиб, ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Хайр омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top