3:15

Қоронғулик кучлари

MP3

Narrator 1 Инсоний ҳаракатлар фақат у ёки бу қийинчиликларни бартараф қилиш учун ёки енгиллаштириш учун қилинган (ва қилиняпти). Асосий муаммо эса ечилмаяпти. Токи шайтоннинг кучини қирқмасак, ёмонлик деган муаммо ҳал бўлмайди. Шайтон қўл остида яшаган инсон бахтли бўлолмайди. Ҳамиша кўнгли нотинч, ҳаётидан қониқмай юради. Атрофингизга қаранг. Одамлар қандай яшаяпти? Бир қарасанг – бир ташвиш, энди ундан қутулдим деса – иккинчи ташвиш! Уни тўғирладим деганда – учинчи ташвиш. Охири йўқ. “Шундай ишнинг адосидан чиқдим!” деб мақтаниб ҳам қўямиз. Лекин аслида муаммолар ечилаётгани йўқ. Ёмон ярага ўхшаб, қўлимизни тузатсак, оёғимиздан ёриб чиқаверади. К.Льюис айтгандек, “қанча ҳаракат қилсанг ҳам, сасиган тухумдан ширин омлет пишира олмайсан”.

Narrator 2 Инсонлар ислоҳот учун нима қилишади? Одатда биз қиладиган ишлар қуйидагилар: қонунларни мукаммаллаштириш, маълумотни ошириш, муҳитни яхшилаш. Бирорта муаммога юз тутсак, биз одатда мана шу услублардан биронтасини ишлатамиз. Қонун нима? Қонун инсоннинг фақат ташқи ҳаракатини назоратга олиши мумкин. Ичини, қалбини яхшилай олмайди. Характерини ўзгартира олмайди. Қонун одамларнинг характеридаги баъзи нарсаларни кўрсатишига тўсқинлик қилиши мумкин, лекин ички инсонни яхшилай олмайди. Маълумот нима? Фойдали нарсами? Йўқ, ҳар доим ҳам фойдали эмас. Масалан, бузуқ фикрли одам билимга эга бўлса, уни бузуқ ишлар учун ишлатади. Бузуқ фикрли одамлар эса жуда кўп! Биз инсонлар гуноҳга мойил бўлиб туғиламиз. Бузуқ ўйдаги одамга билим бериш хавфли. Чунки у энди бу билим билан яна ҳам ёмонроқ ишларга қўл уради.

Narrator 1 Билимли жиноятчи одатда ақллироқ, айёрроқ бўлади. Уларни ушлаш ва жазолаш ҳам қийинроқ. Билим инсоннинг қалбини ислоҳ қилмайди, яхши томонга ўзгартирмайди. Атроф-муҳитни ўзгартириш, экологияни яхшилаш-чи? Инсонни яхшироқ инсонга айлантирадими? Ахлат ичида яшашни яхши кўрадиган одамни ювинтириб, тоза кийимлар кийдириб, яхши бир уйга жойлаштирсангиз нима бўлади? Яхши одамга айланадими? Бироз вақтдан кейин янги уйни ҳам ахлатхонага айлантирмайдими? Унда инсонлар қалбини қандай қилиб ислоҳ қилиш мумкин? Мен бу билан қонун ислоҳотига ёки маълумот оширишга қаршиман, деб айтаётганим йўқ. Булар – албатта керак нарсалар. Лекин афсуски, асосий муаммони улар еча олмайди. Тарихда қанчадан-қанча донишманд кишилар шу йўллар билан инсониятни ислоҳ қилишга ҳаракат қилишган. Натижа бўлмагач, охири тушкунликка тушганлар.

Narrator 2 Атеист файласуф Бертранд Русселнинг гапларини эшитинг: «Инсон ҳаёти қоронғу тунда яёв йўлга чиққан одамларга ўхшайди. Ҳар томондан кўринмас кучлар таъқиб қилади. Оёғимиз чарчаган, тиканлар санчилиб оғриган. Борар манзилимиз эса узоқ. Ҳамма ҳам у манзилга етиб бора олмайди. Йўлда кетар эканмиз, йўлдошларимизни йўқотамиз. Бирма-бир, бирма-бир ўлим уларни ўз домига тортади. Инсон жуда заиф. Умри ҳам қисқа. Аёвсиз қисмат унинг оёғига тузоқ солади, йиқитади… Бугун севикли одамини йўқотган бўлса, эртага ўзи ҳам йўқлик томон равона бўлади…”. Ҳа, Худодан узоқда яшаётган одамнинг ҳаёти шу. Атрофингизга қаранг. Умидсиз яшаётган одамлар жуда ҳам кўп. Шайтон қўл остидаги ҳаёт шундай. Масих 22-оятда (Лқ.11-боб) бундай дейди: “Аммо шайтондан кучлироғи ҳужум қилиб, уни енгса, шайтоннинг таянган барча қуролларини тортиб олади ва ўлжасини истаганга тақсимлаб беради”.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top