Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Бугун ҳам сизлар билан она қалби ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Саҳийлик Муқаддас Каломда ҳам тез-тез тилга олинган. Имонлиларни саҳий бўлишга ундайдиган парчалар бор. Масалан Марк китоби бизга шундай дейди: «Чунки Инсон Ўғли ҳам Ўзига ҳизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш учун ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариш учун келган.» Қуйида биз оналарга ёрдам берадиган бир нечта маслаҳатлар бор.
Беринг чунки бу сизнинг вазифангиз — Худо ўз кўнглидагидай аёл саҳий бўлади. Биз моддий нарсаларнигина беришда эмас, кўп нарсада саҳий бўлишимиз мумкин. Масалан, оиламиздагиларга табассум қиламиз, хурсандчилик билан сўрашамиз, уларни меҳр билан қучамиз, далда берамиз, мақтаймиз, овқат тайёрлаб берамиз, вақтимизни берамиз, қулоқ соламиз ва ҳокозо. Аёл саҳийқалб бўлса, у оиласини энг яхши сифатлар билан безайди. Оилада кимдир фарзандлари учун ибодат қилиши керак бўлса бу онадир. Фарзандларини хурсанд қилиши учун режалар тузиши керакми – буни ҳам аёл қилади. Аёл бу она, рафиқа, оила бекаси, ва уйни ҳақиқий хонадонга айлантирадиган шахс.
Мўл – кўл беринг – Муқаддас Каломда ёзилган экиш ва ўриш ҳақидаги парчалардан ўрганинг. «Шуни унутмангки, қизғаниб эккан қизғаниб ўриб олади; мўл эккан эса мўл ўриб олади» (2 Кор 9:6). «Инсон нима экса шуни ўриб олади» (Гал 6:7). Биз эса бу оятни шундай деймиз: «Она фарзанди қалбига нимани экса, келажакда шуни ўриб олади». Ҳар куни ўзингизни қандай тутаяпсиз? Сизда қандай сифатлар бўлса, фарзандларингиз ҳам сизни кўриб, сиздан ўшандай сифатларни олади. Масалан сабр-тоқатли, мулойим, хушмуомала, саҳий қалб бўлсангиз фарзандинларингизнинг юрагига шу ҳислатлар экилади. Бироқ акси бўлса-чи! Аммо акси бўлишини ҳеч қандай аёлга раво кўрмайман. Ҳар бир аёл фарзандлари учун ҳам ўзида яхши ҳислатларни шакллантириши керак.
Ҳеч нарсага умид қилмай беринг – Биз аёл сифатида фарзандларимизга хизмат қилар эканмиз, улардан эвазига бирор нарса олишга умид қилмаймиз. Биз фарзандларимизга энг яхши нарсаларни берар эканмиз, улар учун энг яхши она бўлишга ҳаракат қилар эканмиз, эвазига ҳеч қандай мақтов ёки раҳмат кутмаймиз.Чунки яхши она бўлганимиз учун ҳеч ким раҳмат айтмаслиги мумкин. Биз фарзандларимизга оналик қиламиз, уларга қараймиз, уларни соғлом, мукаммал, олийжаноб инсонлар қилиб тарбиялаш учун хизмат қиламиз. Чунки бу Худонинг бизга берган вазифасидир. Сизнинг оилангиз аъзолари учун шу хонадонда яшаш бахт бўлиши керак. Сиз энг қийин кунларда ҳам оила аъзоларингизнинг кўнглини кўтара оладиган, уларга далда берадиган бўлишингиз керак. Ҳар куни фарзандларингиз ва турмуш ўртоғингиз сизнинг ҳаракатларингиз ва сўзларингиз орқали уларни севишингизни билиб турсин. Кун давомидаги нонушта, тушлик ва энг муҳими кечки овқат хурсандчилик билан ўтсин. Бу нарса фарзандларингизга ота-онаси билан стол атрофида мазза қилиш имконини беради. Дастурхон атрофида фарзандларингиз олдида муаммоларингизни ҳал қилишга уринманг. Бу нарса болаларнинг маза қилишларига ҳалал беради.