3:20

Художўй аёл нима қилиши керак?

MP3

Ассалому алайкум. Худонинг оиласига қабул қилинган аёллар кўпинча, “Қандай қилиб художўй аёл бўлишим мумкин?”, деган саволни беришади. Бу саволга бугун сиз билан бирга жавоб топамиз. Худони мамнун қилишни истаган ҳар бир аёл энг аввало Худони қидириши керак. Ҳар нарсадан Худонинг иродасини қидириши ва Унинг иродасига бўйсунган ҳолда иш кўриши керак. Албатта аёлнинг ҳам инсоний истаклари бор, аммо Худонинг иродасига кўра ҳаёт кечиришни истайдиган аёл ўз табиати истакларини четга суриб қўйиб, Худонинг иродасини кўзлаши керак. Матто 6 боб 33-34 оятлар ҳамма имонлиларга жумладан аёлларга ҳам шундай дейди, “Сизлар аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайида бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси сизга берилади. Хуллас, эртанги кун учун ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир.

Ҳар бир куннинг ғам–ташвиши ўзига етади.”

Худовандга чин дилдан ишонган аёл қийинчиликлар келганда ҳам тебранмайди. Тебранмаслик учун Худонинг ваъдалари уни ҳимоя қилади ва имон билан Худога кўз тикишга ундайди. Ҳазрати Довуд ўзининг Забур китобида Худованд ҳақида шундай дейди, “Эгам нурим ва нажотимдир, Кимдан мен қўрқардим?! Эгам ҳаётимнинг қалъасидир, Ким мени қўрқита олар?! Танасини ғажийлик, деб, Ёвузлар менинг устимга бостириб келганда, Ҳа, ғаниму душманларим менга ҳужум қилганда, Қоқилиб, йиқилиб тушадилар. Ҳатто бутун лашкар мени ўраб олса ҳам, Юрагимда асло қўрқув пайдо бўлмас. Ҳатто менга қарши жангга отланса ҳам, Ишончим ҳеч ҳам йўқолмас. Бир нарсани Эгамдан сўраганман, Ҳа, Ундан истаганим битта нарсадир: Эгамнинг уйида то абад яшай, Эгамнинг жамолини кўрай, Маъбадда туриб, Унга мунтазир бўлай. Кулфатда қолган кунларимда У мени Ўз чайласида омон сақлайди.

Чодири остида мени яширади, Баланд қоя тепасига ўтқазиб қўяди.” Мана бу ҳазрати Довуднинг Худо билан муносабатдан олган тажрибаси гувоҳлигидир. У чиндан ҳам Худо билан шундай яқин муносабатда бўлиб, Худодан шундай жавобни олган. Худога имон билан кўз тиккан аёл ҳам Худованднинг шундай марҳаматидан ва ҳимоясидан баҳраманд бўлади. Художўй аёл Худони қидириши билан бирга имон билан сўзлаши ҳам керак. Тўғри-да, шундай кучли, тебранмайдиган имонга эга бўлган аёл имон билан гапирадиган бўлади. Нафақат сўзлаш балки бошқаларни Худодан олган донолик билан бошқариш, уларни Худонинг севгиси билан севиш ва меҳрибонлик билан муносабатда бўлиш ва ниҳоят имон билан яқинларига далда бериш художўй аёлнинг яна бир сифатларидан биридир. Аёлнинг яратилиши тарихини ўқисангиз, Худованднинг нақадар ажойиблигини, меҳр-шавқати ва севгисини кўрасиз.

Ибтидо 2 боб 18 оятда аёлнинг Худо кўз ўнгидаги вазифаси белгилаб берилган. “Сўнгра Парвардигор Эгамиз: “Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, унга муносиб шерик яратаман”, деди.” Аёл оилада ўз турмуш ўртоғи учун мададкор қилиб яратилган. Бунинг учун унга Худодан олган сифатлари, донолиги ва севгиси ёрдам беради. У ҳар қандай пайтда қандай сўзлашни, қандай далда беришни билади. Донолик унга ёрдамга келади. Маталлар 27 бобда Худога яқин инсон қандай сўзлаши кераклиги ҳақида ёзилган, “Ошкора танбеҳ пинҳона меҳрдан яхшироқ. Душманнинг ширин сўзи эмас,

дўстнинг калтаклаши садоқатни кўрсатади.” Демак, аёл оилада ҳам дўстлари даврасида ҳам, бегоналар орасида ҳам доимо Худога бўлган имони асосида жавоб қайтариши ва керак пайтида маслаҳат бериши лозим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top