3:18

Оғриқлар

MP3

Ассалому алайкум. Қийналяпсизми? Дўстга ва ҳамдардга муҳтожмисиз? Ундай бўлса бизнинг www.najot.com сайтимизга киринг, қалбингизда тинчлик ҳукмрон бўлсинг. Қадрдонлар ҳаётда ҳамма нарса яхши ва силлиқ кечганида ҳаётимизнинг қизиғи қолмаган бўларди. Яхши кунларимизнинг қадрига етмаган бўлардик. Худога шукурки, ҳаётимизда баъзан-баъзан қийинчиликлар, оғриқли дамлар бўлиб туради. Шундай пайтларда бизга ғамхўрлик қиладиган Худойимиз борлигига шукур қиламиз. Аммо афсуски Худо ҳар доим ҳам ҳаётимизда кечадиган бу оғриқларни олиб ташлайвермайди. Баъзида мана шу оғриқларни бошимиздан кечиришимизга, чидашимизга тўғри келади. Шундай пайтларда савол туғилади: Нега Худо бизга оғриқлар беради? У бизни севар экан оғриқлар келганида бизни ҳимоя қилмайдими? Оғриқларсиз яшашимизга ёрдам бермайдими? Ахир ҳар бир ота-она фарзандининг азоб чекмаслигини истайди-ку?!

Бу саволларга жавоб беришдан олдин ҳаётимда бўлган бир воқеани айтиб берсам. Шу воқеа орқали мен ҳам анчадан буён қалбимни қийнаётган саволларга жавоб олдим.

Ëдимда, ўғлим уч ёшлик бўлганида бир куни кечаси билан қулоғи оғриб йиғлаб чиқди. Мен ҳам хотиним ҳам тепасида парвона бўлдик. Эртаси куни эрта билан докторга олиб бордик. Доктор анча ёшга бориб қолган сабрсиз бир киши экан. У ўғлимнинг қулоғини текшириб бўлиб, ичига бир нарса кириб қолганини, ўша нарса ичида йиринглаб азоб бераётганини айтди. Дори қўйишдан олдин ичидаги ўша нарсани олиб ташлаши кераклигини айтди. Хотинимга нима қилиш кераклигини тушунтирди: «Болангизнинг қулоғини мен томонга қаратиб, ўзингиз бошини яхшилаб ушлаб туринг. Қимирлаб кетмасин, акс ҳолда ёмон бўлади»- деди.

Хотиним қўлидан келганича ҳаракат қилди, аммо аёл киши эмасми, ўғли чинқириб йиғлаганида бироз қўлини бўшаштириб юборибди. Доктор уни уришиб чиқариб юборди-да, мени чақирди. Менга ҳам яхшилаб тушунтирди. Мен қўлимдан келганича ҳаракат қилишимни айтдим. Боламнинг бошини ушлаб турар эканман, ўзим ҳам имкон борича унга яқинроқ энгашишга, ўғлим ёнида дадаси борлигини ҳис қилишига ҳаракат қилдим. Бироқ ўғлим оғриқ ичида чинқириб, кўзларини менга тикиб йиғларди. Гапира олмаса-да: «Дада, нега мени оғритишларига йўл қўйиб бераяпсиз? Нега менга ёрдам бермаяпсиз?»- деяётгандай эди. Мен унга бу оғриқлар фақат унинг фойдасига эканини қандай тушунтираман. Бироздан сўнг бу оғриқлар бутунлай ўтиб кетишини қандай тушунтираман. Қулоғидаги нарсани чиқариб олганимиздан сўнг, доктор ёзиб берган дори-дармонни томиздик. Икки кунда унинг қулоғи тузалиб кетди.

Бу нарса менга катта сабоқ бўлди. Демак Худо оғриқларимизда бизнинг ёнимизда бўлар экан. Бу оғриқларни олиб ташламаслигининг сабаби бор экан-да, деб ўйладим. Шундан сўнг ҳаётимда бўладиган оғриқларга, қийинчиликларга бошқача кўз билан қарайдиган бўлдим. Ҳар сафар ҳаётимга оғриқ ёки қийинчилик келганида Худодан ёрдам беришини сўрайман. Олиб ташламаса, демак бу менинг фойдам учун дея хулоса чиқарадиган бўлдим.

Сиз ҳам ҳаётингизга оғриқлар келса, асло тушкунликка тушманг, Худо мени ташлаб қўйди, деб ҳам ўйламанг. Худо доимо сиз билан бирга. Фақат бу оғриқлар ёки қийинчиликлар сизнинг фойдангиз учунлигига ишонинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top