3:22

Масиҳийча оила

MP3

Narrator 1 “Яхши дарахт ёмон мева беролмайди, ёмон дарахт ҳам яхши мева беролмайди.” Ассалому алайкум. Муқаддас Каломда яхши бир масиҳий оилага таъриф берилганми? Калом ҳақиқий масиҳий оила ҳақида нима дейди? Бугун суҳбатимиз давомида мана шу саволларга жавоб оламиз. Агар Каломни диққат билан ўқисангиз, унинг ҳар бир ояти оила аъзолари учун ёзилганини англайсиз. Худонинг Каломи Унинг иродасини ўргатадиган, Унинг йўлларида тўғри юришга ёрдам берадиган қўлланма кабидир. Юқоридаги оятни эшитдингизми? Ҳар бир дарахт мевасидан билинади. Худди шу каби ҳақиқий масиҳий оила Худо амрларига амал қиладиган ва шунга кўра мева берадиган оиладир. Бундай оиланинг ҳам бир аъзоси Худо уларга берган вазифани бажаришни англаб етади. Бундай оила уларнинг бирлиги инсон томонидан эмас, Худонинг иродаси туфайли барпо бўлганини тушунади.

Narrator 2 Оиланинг асосини кимлар ташкил қилади? Албатта ота-она ёки эр-хотин. Демак, биринчи диққатимизни эр-хотинларнинг вазифасига қаратамиз. Улар турмуш қурар экан, масиҳий оилада бир-бирларини севишлари, бир-бирларига бўйсунишлари кераклигини ҳамда Худо берган фарзандларни Худонинг Каломига кўра тарбиялаш кераклигини тушунадилар. Афсуски, бугун ажрашаётган оилаларни кўп кўрамиз, бироқ Худованд ажрашишларни ёмон кўради. Бу азалданоқ Унинг режасида йўқ эди. Каломда шундай ёзилган: “Хотинидан нафратланиб, ундан ажрашган эркак ўз ҳимояси остида бўлган хотинига шафқатсизлик қилган бўлади”,-дейди Исроил халқининг Худоси — Эгамиз. “Шу боис ҳушёр бўлинглар, хиёнат қилманглар”, -дейди Сарвари Олам.” Масиҳий оила аъзоларининг ҳаммаси Масиҳий бўлиши керак. Улар Худо билан ҳақиқий муносабатда бўлиб, оила учун берган ҳамма амрларига амал қилишлари лозим.

Narrator 1 Оила боши бўлган эр ўз рафиқасини севиши, оилани таъминлаши, рафиқа ҳам ўз навбатида эрини ҳурмат қилиб унга бўйсуниши, иккаласи фарзандларни Худо йўлида тарбиялаши, фарзандлар эса Худо буюрганидек, ота-оналарига бўйсунишлари керак. Агар Маталлар 31 бобни ўқисангиз, художўй аёл эрига оилани таъминлашда қандай ёрдам беришини кўрасиз. Бироқ оилани таъминлаш унинг асосий жавобгарлиги эмас. Чунки айнан эркаклар оилани боқиш учун яратилган. Худованд аёл ва эркакни яратаётганида уларга бериладиган вазифаларига мос қилиб яратган. Шунинг учун оилада эр-хотин ўз вазифасини бажарсин. Кейинги эътибор қиладиган нарсамиз бу – фарзандлар. Фарзандларнинг мажбурияти ота-оналарини ҳурмат қилиш ва уларга бўйсуниш. Эшитинг: “Эй фарзандлар, Раббимиз Исога тегишли бўлганингиз учун ота–онангизга итоат қилинглар, чунки шундай қилиш тўғридир.

Narrator 2 Ахир, Худо шундай амр қилган: “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда ер юзида умрингиз узоқ бўлиб, бахтиёр яшайсиз.” Бу Худо берган қонун болалар катта бўлиб, ўз йўлларини топиб кетгунча эмас, бу умрларининг охиригача амал қилиниши керак бўлган қонундир. Аслида бутун оила аъзолари ҳаётларини Худо хизматига бағишлаган бўлишлари керак. Масиҳийча оилани Масиҳ билан муносабатсиз қуриш мумкин эмас. Масиҳ бу ҳақида шундай дейди: “Мен-ток, сизлар-новдасизлар. Агар Менда бўлсангизлар ва Мен сизларда бўлсам, кўп ҳосил берасизлар. Менсиз ҳеч нарса қилолмайсизлар. Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, сизга берилади. Сизлар кўп ҳосил бериб, Менинг шогирдларим эканлигингизни исботлайсиз. Бу орқали Отам улуғланади.”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top