3:12

Кичкинтойлар гардероби

MP3

Ассалому алайкум севимли опа-сингиллар. Мен Лола сизлар билан бугун биз учун муҳим бўлган ҳаётимизнинг қувончи кичкинтойлар ҳақида сўз юритаман.

Ҳар бир она фарзандини чиройли кийинтиришга ишқибоз бўлса, бувижонлар эса неварасини бетоб бўлиб қолмаслиги учун иссиқроқ кийинтириш тарафдори бўлади. Лекин аслида кийим борасида бола учун энг муҳими бу қулайликлардир. Ҳар ким ўз дидига, ва имкониятига қараб, кийим танлайди. Кийим ҳарид қилаётганда ундаги ихчамлик, ҳаракат эркинлиги, иссиқликни сақлаб қолиш ва намликни буғлантириш ҳусусиятини ҳисобга олинг. Бола 1 ёшдан 3 ёшгача бўлган вақтда жуда кўп ҳаракатланади. Айни шуни ва қандай фасл эканлигини эътиборга олган ҳолда уни кийинтиринг.

Йилнинг ҳар қандай фаслида болани катталарга нисбатан иссиқроқ кийинтириш шарт эмас. Кўпчилик болаларни ҳаддан ортиқ иссиқ кийинтириб, уларнинг касал бўлиб қолишларига сабаб бўлади. Чунки ҳаддан ортиқ иссиқ кийинган болалар тўғри кийинган болаларга нисбатан касал бўлиш эҳтимоли 2-3 марта кўп бўлади. Кийимларнинг барчаси, албатта ҳаво ўтказувчи табиий матодан тикилган бўлиши шарт. Иссиқ кунларда болани иложи борича енгил, совуқ кунларда эса иссиқ кийинтириш керак бўлади.

Ёзда болани пахта ёки зиғир толасидан тикилган кийимлардан бир ёки икки қават қилиб, қишнинг изғиринли кунларида эса 3-4 қават қилиб кийинтиринг. Бунда биринчи қават – ички кийим ва трикотажли енги узун кўйлак, иккинчи қават ярим жун ёки жун свитер, колготка, бир қават бош кийимдан иборат бўлади. Учинчи қават комбенезон ёки шим билан иссиқ куртка ёки мавсумга мос бўлган палтодан ташкил топади.

Кийимларнинг ташқи кўриниши ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади. Болалар кийими нафақат қулай ва енгил бўлиши шарт, балки ундаги ранглар ёрқин, чиройли ва эътиборни тортиши керак. Бу нарса, айниқса, боланинг кайфиятига ижобий таъсир этади.Агарда бола ҳаддан зиёд фаол, тиниб-тинчимас бўлса, бундай болани қизил ва яшил рангдаги кийимлар тинчлантиради. Аксинча, бола жуда ҳам вазмин одамови бўлса, ҳаворанг тусдаги кийимлар уни фаол ва хушчақчақ бўлишини таъминлайди.

Шунингдек, болаларни кийимдаги бежирим чўнтакчалар ва эътиборни жалб етадиган безаклар маҳлиё этади. Янги ҳарид қилган кийимларни болангизга кийдиришдан аввал уларни тоза сувда чайинг, қуригач, албатта дазмолланг.

Совуқ изғиринли кунларда боланинг бурни ва қўллари музлаб қолган қолмаганини тез-тез кузатиб туринг. Музлаган қўллар боланинг совқатаётганидан, иссиқ қўллар ва юзнинг қизариши эса боланинг исиб кетаётганидан далолатдир. Дарҳол унинг устидаги бир қават кийимни ечиб ташланг ва сув ичиринг. Ëмғирли кунларда боланинг бошига қалпоқ, оёғига эса сув ўтказмайдиган пойабзал кийдиринг. Биз катталар ҳам совуқ ва намгарчиликда сайрга чиқишни истаймиз. Бундай пайтда энг қулайи сув ўтказмайдиган иссиқ оёқ кийимдир. Худди шуни билган ҳолда фарзандингизга ҳам шундай оёқ кийимлардан харид қилинг.

Оёқ кийимлари боланинг оёқ ўлчамига мос бўлиши керак. Кичик ёшдаги болаларнинг оёқ кийимининг олд қисми очиқ бўлмаслиги тавсия этилади. Бундан ташқари, боланинг оёқ кийимлари гардеробида тўқилган пайпоқлар билан бирга енгил чарм ботинкача, қишки иссиқ этикча ва ичи табиий матодан қилинган усти резина этик бўлиши шарт.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top