2:55

Пошнали туфлилар

MP3

Ассалому алайкум. Биз аёллар гўзал кўринишни истаймиз, ҳатто бу соғлиғимизга зарар етказишини билсак ҳам. Саломатлигимизнинг шундай душманларидан бири бу-баланд пошналар. Пошнали туфлилар қачон пайдо бўлган? “Пошнали туфли кийиб, ўзингни латофатли аёлдай ҳис қиласан, уни ечгач эса бахтли инсонга айланасан!”, — дейди доно халқ. Оғриқдан тишни тишга босиб, қийналиб юрсак-да, биз аёллар ҳали-бери ўн беш сантиметрли шпилькалардан воз кечмоқчи эмасмиз. Ахир буни ҳам чидаганга чиқарган-да, деймиз. Шифокорлар ҳам баланд пошнанинг зарари ҳақида гапириб, чарчадилар. Оёқ учига икки баробар юк тушса нима бўпти? Товон шакли бузилиб, оёғингиз қадоқ бўлиб кетади, умуртқа азият чекади, дейишади.

Аммо пошнали туфлининг дилни яйратиб тақиллаши олдида шуям муаммоми?! Асосийси, йиқилмасак бўлди-да! Зеро, йиқилиш ҳам бизга чўт эмас. Ахир машҳурлар ҳам йиқилади-ку! Масалан, рус эстрада қўшиқчиси Гага хонимни олайлик. Ўзининг “супер” баланд пошнасида кўчада кетаётиб, ҳамманинг кўз ўнггида йиқилиб берди. Яна қўлида хот-доги билан! Хайрият, бирон ери тилиниб-шилинмади. Ҳатто хот-доги ҳам “омон” қолди. Кейинги сафарида Гага хоним нақ концерт пайтида, саҳнанинг ўртасида йиқилиб тушса бўладими?! Йиқилиб, роялнинг тагига кириб кетса-я! Барибир ҳеч нима қилгани йўқ. Ўрнидан туриб, ашуласини бинойидай айтиб кетаверди. 1993 йили Наоми Кэмпбел ҳам 15 сантиметрли  платформасида чунонам йиқилдики… Бироқ уларнинг биронтаси  баланд пошнадан воз кечгани йўқ!

“Ким ўйлаб топган шу пошнани, — дейишади эркаклар ажабланиб. — Ахир уларда мутлақо юриб бўлмайди-ку!” Афсуски, ўша ихтирочининг исми тарихда сақланиб қолмаган. Аммо пошнали туфлиларни ихтиро қилишда эркакларнинг ҳиссаси катта экани ҳақиқат. Чунки пошнали пойабзал биринчи навбатда табиат ноқулайликларини енгиш учун ўйлаб топилган. Масалан, қадим ўтмишда Мисрда таги тешик тахта платформалар кийилган. Баъзиларнинг фикрича, айнан шу платформалар ҳозирги баланд пошнали туфлиларнинг узоқ “аждоди” ҳисобланади. Аммо у пайтда мисрликлар ер ҳайдовчи қулларнинг оёғига тахта платформаларни маҳкам бойлаб қўйишган. У маълум маънода ботқоқда юришни енгиллаштирган. Шунингдек, бундай платформалар ўтмишда Япония ҳамда Хитойда жуда урф бўлган.

Уни гуруч плантацияларида ишлаганда, серёғин мавсумда, шунингдек, илон чақмаслиги учун кийишган. Шунингдек, антик даврларда қадимги Грецияда ҳам актёрлар саҳнага катурна деб аталувчи пошналарни кийиб чиқишган. Шу тариқа баланд пошна ўрта аср Европасига кириб келган. Айниқса, итальян аёллари учун ёмғирли об-ҳавода, шаҳарда тошқин бўлганида  цоколи деб аталувчи, пошнаси 40-60 сантиметрли пойабзал кийиш жуда қўл келган. Аммо бундай баланд пойабзалда юриш осон бўлмаган. Бу ҳақидаги антиқа маълумотлардан баҳраманд бўлишни истасангиз, бизни тинглашда давом этинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top