Narrator 1 Ассалому алайкум. Ҳаммамиз хантал соусини татиб кўрганмиз, аммо унинг уруғи қандай бўлишини жуда камчилик билса керак. Масиҳ шогирдларига Осмон Шоҳлиги ҳақида сўзлар экан, уни турли масаллар ва ўхшатишлар орқали тушунтириб берарди. “Исо уларга яна бошқа бир масални айтиб берди: “Осмон Шоҳлиги бир одам ўз боғига сепган хантал уруғига ўхшайди. Хантал уруғларнинг энг майдаси бўлса–да, ўсиб чиққанда, ҳамма кўкатлардан баланд бўлади. У шундай дарахт бўладики, қушлар унинг шохларига уя қуради.” Масиҳ халққа Худонинг мақсади ва Унинг Шоҳлиги ҳақида сўзлар экан, Уни тингловчилари орасида, Масиҳга душманлик кўзи билан қарайдиган фарзийлар ва уламолар ҳам бор эди. Улар бу Масиҳ деб аталаётган инсон қандай қилиб, бойликсиз, ҳокимиятсиз ва кучли зодагонларнинг ёрдамисиз шоҳлик қурмоқчи эканини кузатардилар.
Narrator 2 Масиҳ эса уларнинг ўйларини билиб туриб шундай деди: “— Худо Шоҳлиги нимага ўхшайди? Уни нимага ўхшатсам бўлади?” Унинг ўхшатишлари дунёвий ҳокимиятларнинг ҳеч бирига ўхшамас эди. Исо Масиҳнинг сўзлари Худонинг ҳақиқатига асосланган эди. Уруғнинг ўсиши ҳеч қандай инсон принципларига асосланмаган. Ундай бўлса, Масиҳ айтаётган Шохлик ва Унинг Каломи қандай принципларга асосланган эди? Қуйидаги оятлардан бунга жавоб топамиз. “Шу вақт Исо Унга ишонган яҳудийларга деди: — Агар Менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар. Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.” “Биз Масиҳнинг одил эканлигини биламиз. Шунинг учун адолатли иш тутган ҳар қандай одам Худонинг фарзанди эканлигига амин бўламиз.” Унинг Шохлиги ва Каломи ҳақиқатга ва адолатга ва яна меҳрга асосланган.
Narrator 1 Дунёнинг шоҳликлари асосан урушлар ва ҳокимият талашишлар билан бунёд бўлади. Калом Масиҳни “Тинчлик Шаҳзодаси” деб атайди. Масиҳни интиқлик билан кутаётган Исроил халқи худди дунёдаги шоҳлик каби келади ва пайдо бўлади деб ўйлаган. Аммо Масиҳ тарғиб қилаётган шоҳлик уруш-жанжал, босимлар ўтказишдан ҳоли, у “ўзини инсонларнинг гуноҳлари учун қурбон қилиб” гуноҳкорларни Худо билан яраштириш учун келди. Унинг шоҳлиги ҳақиқат ва солиҳликка асосланган. Бошида Худо Шоҳлигининг ҳажми қанчалик эди? “Исо яна деди: “Худонинг Шоҳлигини яна нимага ўхшатсак бўлади?! Уни қандай масал билан ифодаласак бўлади?! Худонинг Шоҳлиги хантал донига ўхшайди: у ерга сепиладиган уруғларнинг энг майдасидир. Лекин сепилгандан кейин кўкаради ва барча кўкатлардан баланд бўлиб ўсади. Катта шохлар чиқаради, осмондаги қушлар ҳам унинг паноҳида уя қуради.”
Narrator 2 У бошида жуда кўринмас даражада кичик ва арзимас кўринишда эди. Аммо унинг қудрати кучли ва у тезда қулоч ёйиб атрофни эгаллайди. Қушлар унинг шохлари орасига ин қуриб, бола очади ва куйлайди. У узоқлардан кўриниб туради. У ҳамма ўсимликлардан катта ва бақувват бўлиб ўсади. Ўқиган бўлсангиз Масиҳнинг шогирдлари оддий балиқчилар ва дунё учун аҳамиятсиз инсонлар бўлишган. Уларнинг сони кам бўлгани учун кўпчилик уларга аҳамият бермаган. Аммо Масиҳ эълон қилаётган шоҳлик тинчлик, адолат ва ҳақиқатга асосланган. Масиҳ айтганидай, биз ҳақиқатни билиб оламиз ва ҳақиқат бизни озод қилади. Биз гуноҳ қуллигидан озод бўламиз ва Худонинг ҳақиқий фарзандлари бўлиб, биз ҳам хантал дони каби имонга эга бўлсак, бу имон бир кун келиб, улкан дарахт каби бўлади.