3:01

Варикоз

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз.

Вена томирининг ушбу касаллиги – бутун дунёда кенг тарқалган патологик ҳолат ҳисобланади. Ушбу факт вена тизимини ўрганиш, ташхис қилиш ва даволаш тиббиётнинг янги соҳаси – Флебологияни пайдо бўлишига сабаб бўлди. Вена тизими касалликлари ичида энг кенг тарқалгани бу вена томирларининг Варикоз кенгайишидир. Мисол учун тизимнинг бошқа касалликлари: орқа чиқарув венаси кенгайиши, яъни геморрой, қизилўнгач, уруғдон канали венаси кабилар бўлиши мумкин. Бироқ энг кенг тарқалгани ва энг оддий белгилари билан ҳам билиш мумкин бўлгани бу Варикоз кенгайиши экан. Унинг ривожланиши қуйидагичадир. Томирларнинг ожизлиги ва томир тўсиқларининг дисфункцияси, веноз қопқоқларининг етишмовчилиги, томирлар бўйлаб қон оқимининг тезда камайиши кабилардир. Касалликнинг сабаблари гиподинамика, яъни камҳаракатлилик, иш фаолияти билан боғлиқ жараёнлар — узоқ вақт тик ҳолатда ишловчилар: сартарош-стилистлар, стюардессалар, официантлар, дорихона ходимлари ва узоқ вақт бир жойда ўтириб ишловчилар.

Бундан ташқари, нотўғри овқатланиш, мева – сабзавотларни кам истеъмол қилиш ва бошқалар. Касалликнинг ривожланишига яна чекиш, ортиқча семириш, ҳомиладорлик ва ирсий омиллар сабаб бўлади. Варикознинг бошланғич даврларида касаллик симптомлари деярли сезилмайди. Оёқларда оғирлик, чарчоқ, ёниш ҳисси ва «қайнаб чиқиш»га ўхшаган шишлар кузатилади. Кечқурун тўпиқда шиш пайдо бўлиб эрталаб йўқолиб қолиши каби ҳолатлар ҳам бўлади.

Варикоз касаллиги ҳақида биринчи жиддий «сигнал» – ўргимчак инига ўхшаш томирларнинг кўкариб, шишиши экан. Варикоз касаллиги текшируви бемор оёқларини палпация, яъни бармоқ билан босиб кўришга асосланган; Бундан ташқари, махсус тадқиқотлар ўтказилади, яъни варикоз касаллиги медикаментоз яъни, дори воситалари билан ёки жарроҳлик усули билан даволанади.

Медикаментоз усулларда даволаш асосан, вена қопқоқлари ишини рағбатлантирувчи, томирлар деворларини озиқлантирувчи ҳамда томирлардаги қуйқа, яъни тромбларни эритувчи дорилар берилади. Буларга Детралекс, Троксивазин, Лиотон Гел ҳамда яллиғланишга қарши суртмалар тавсия қилиниши мумкин. Касалликнинг охирги босқичларида қон қуюқлашишига қарши препаратлар тромбларнинг сўрилиши ва профилилактикаси учун талаб қилинади. Операциялар варикознинг жуда кенгайишида, терининг трофик касалликларида, ўткир тромбофлебитда буюрилади. Жараён лазер нурлари билан амалга оширилади. Бу нисбатан хавфсиз, тезкор ва оғриқсиз усулдир. Бироқ, биз Варикоз ҳатто жарроҳликдан кейин ҳам қайталаниши мумкинлиги инобатга олишимиз керак! Шу сабабли беъморга қатъий тартибда ортиқча юк ва меҳнатни чеклаб, профилактик чораларга амал қилиш шарт!

Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top