3:11

Макияж тарихига назар…

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Мен Лола сизлар билан яна дийдорлашиб турганимдан бениҳоя хурсандман. Бугунги суҳбат мавзумизни макияж тарихига назар деб номладик. Дунёда хунук аёлнинг ўзи йўқ. Кўримсизлари бор холос. Бироқ ҳар бир аёл ўзини ўз ҳолатидан ҳам чиройлироқ кўрсатишни истайди. Шу истак қадимги аёлларни ҳам тинч қўймаган кўринади. Бугун аёл зотининг гўзал бўлиб қолишида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлган косметология соҳаси тарихига назар ташлаймиз. Маълум бўлишича, косметология тарихи Грецияга бориб тақалиб «Косметика» сўзи грекчада «космейн», яъни «безак», «безатиш» сўзидан олинган экан.

Грек асотирларида гўзаллик воситаларини ихтиро қилган маъбуда Афродита эканлиги келтирилган. Аслида эса, греклар косметикадан фойдаланишни фиръавнлардан ўрганганлиги маълум. Қадимги Грецияда юзни оқартирадиган воситалар, кўз учун қора бўёқлар урф бўлган. Киприкларини куя ёрдамида бўяган грек аёллари «туш»ни мустаҳкамлаш учун оқ мум ва тухум аралашмасини мижжалари устидан суриб қўйишган.

Ўрта асрларда косметика соҳасининг инқирозга юз тутиш даври бошланди. Бундай ҳол рўй беришида черков томонида пардоз-андоз қилиш қаттиқ қоралангани сабаб бўлган эди. Лекин бу пайтда косметика мусулмон оламини буткул забт этишга улгурган эди. Остона ҳатлаб чиқмайдиган шарқ аёллари уй шароитларида юз ва тана парвариши учун зарур бўлган махсус гўзаллик воситаларини яратадилар.

Ҳарамга тушган аёл пардоз-андозга соатлаб вақт сарфлаши табиий ҳол эди. Бу даврда қўл, оёқ, юз терисини парваришлаш, киприкларни қорага бўяш, кўзларга сурма тортиш, лаб ва милкларни қизилга бўяш урф бўлган. 12 асрда биргина Бағдоднинг ўзида 5 мингга яқин гўзаллик институтлари бўлганига нима дейсиз?

Италияда косметика оламида кескин бурилиш Уйғониш даврида юз берган. Мисол учун, Апеннин ярим оролида юз терисини ёшартириш учун қуйидаги ниқобдан фойдаланишган: ёмғир сувида юмшатилган янги сўйилган бузоқ гўшти юз терисига қўйилган. Ëзувчи Данте Алигъерининг ёзишича, бу даврда крем, малҳам, лосьон ёҳуд лаб бўёғи ва бошқа турдаги пардоз-андоз воситаларидан фойдаланмаган аёлни учратиш амримаҳол бўлган.

16 асрда гўзал бўлишнинг венецианча услуби «мода» бўлади. Бунда пардозни бошлашдан олдин юз терисини яхшилаб сувланган губка билан артиб ташлаш лозим бўлган.

Бугунги кунда Косметика ватани деб атайдиган Францияга гўзаллик мезонлари 17 асрда Екатерина Медичининг саъй-ҳаракатлари туфайли етиб борган. Сал ўтмай, бу мамлакат «мода пойтахтига» айланди. Француз косметикасининг гуллаб яшнаган даври 18 асрга тўғри келади. Айнан шу вақтда кўз ва киприкларга катта эътибор қаратилиб, «гўзал аёлнинг юзи албатта оқ рангда бўлиши лозим» деган тушунча етакчилик қилган. 18 асрда «румяна» эпидемияси авж олади. Бу даврда қип қизил рангдаги румяналар нафақат ёноқларга, балки иякларга ҳам суртилган. Француз драматурги Поль де Кок шундай деган экан: «Сиз аёлни койишингиз, пулини кўкка совуришингиз, ҳатто хиёнат қилишингиз мумкин –аёл сизни кечиради, лекин ҳеч қачон унинг ташқи кўринишига тил теккиза кўрманг – аёл сиздан бир умрга нафратланиб қолади.» Суҳбатимиз сизга маъқул бўлди деган умиддаман. Сизни баҳорий гўзаллик тарк этмасин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top