Ассалому алайкум азиз биродарлар. Азизлар, Худо ва инсон ўртасидаги ягона Воситачи бу Раббимиз Исо Масиҳдир. Муқаддас Китобдаги Худонинг Каломи бизга Исо Масиҳ воситасида берилади.
Сиз-у менга Худо тўғридан-тўғри калом юбормайди. Отанинг ҳар бир каломи Исо Масиҳнинг шахси ва фаолияти орқали бизга берилади. Ҳатто Эски Аҳддаги Худонинг Каломи ҳам Масиҳ воситасида берилади, яъни, улардаги Худо айтган калом Масиҳда бажо келиши орқали биз уларни билиб оламиз.
Бунга боғлиқ яна бир нарса шуки, Исо Ўзининг Ота билан муносабатини биз билан ҳам баҳам кўрди; биз Масиҳнинг ворисдошларимиз. Коинотдаги барча маълумотлар, Муқаддас Китобдагилар ҳам, Исо Масиҳдаги Худонинг ваҳийси орқали талқин қилиниши керак.
Инжил Хушхабари Худонинг халоскорлик қудратини етказувчи Хушхабардир. У бизни зулматдан халос қилиб нурга томон бошлайди. Ҳақиқатни билмаганимиз туфайли онгимиз зулматда қолган эди, Худо бизни бу ҳолатдан қутқарди.
У Масиҳда бизни ҳақиқатни таниб-билишимизга ёрдам берди. Фақат мана шу восита орқалигина ҳақиқий илоҳиётшунос бўлиш мумкин. Масиҳ Хушхабари моҳиятини англаб етиш ҳамда унинг Муқаддас Китобнинг ҳар бир қисми билан алоқасини топиш учун биз Худонинг Каломини синчиклаб текширишимиз мумкин.
Масиҳни “Раб” деб тан олар эканмиз, демак, Муқаддас Китобни тушунишда Унинг шартларига бўйсунишимиз керак. Ундай бўлса, Исо таълимотининг юраги асосида нима ётади? Буни Марк Хушхабар китобининг 1 боби 15 оятида Хушхабарнинг хулосасида кўришимиз мумкин.
“Вақт-соати келди, Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди. Тавба қилинглар, Инжилга имон келтиринглар!” Бу ерда эътибор берингки, вақти-соати келгани сабабли Масиҳ келган эмас, аксинча, Масиҳ келгани туфайли вақти-соати бўлди.
Яъни, Масиҳ Эски Аҳд даврида Худо тайинлаган, содир бўлиши интизорлик билан кутилган башоратларни бажо келтирди. Бу хабарнинг мазмунига қарайдиган бўлсак, Исо ундаги асосий мавзу, Худо Шоҳлигининг келиши, деб айтади.
Бу Шоҳликнинг қанчалар яқинлиги, унинг сиз-у мен учун қандай аҳамиятга эгалиги бутун Янги Аҳддаги Хушхабар ҳикоясида баён этилган. Исо бу Шоҳликнинг келишини эълон қилганда, бу қанақа Шоҳлик эканини тушунтириб ўтирмади.
Бунга сабаб, У яҳудийларнинг фикрида аллақачон мавжуд бўлган Шоҳлик ҳақидаги тушунча ҳақида гапираётганди. Бу тушунчани англаб етиш учун эса, бизга Эски Аҳд ёрдам беради. Лекин, Исо шуни таъкидладики, бу Шоҳлик тавба қилиш ва имон келтиришни талаб этади.
Тавба қилиш эса, Худодан мустақил бўлишни истайдиган хоҳишларимиздан, яъни, шайтон шоҳлигига содиқликдан воз кечиш деганидир. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мазумиз ўз поёнига етиб қолди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Хозирча хайр саломат бўлинг.