2:44

Масиҳнинг Хушхабари 03

MP3

Ассалому алайкум азиз биродарлар, сиз азизлар билан яна мавзуларимиз орқали учрашганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз дўстлар, яна шундай масалалар ҳам борки, улар Хушхабарга боғлиқ ва Худо фаолиятининг муҳим қисмидир, аммо улар Хушхабар эмас.

Хушхабарга ишонганимизда, балки биз ўша ҳақиқатларга ҳам ишонамиз, лекин улар Исо нажотига бўлган имонимизнинг маркази эмас. Масиҳга ишонмайдиган одамларга, буларни Хушхабарнинг мағзи, юраги деб ваъз қилиш тўғри бўлмаган бўларди.

Биринчидан, Ота Худонинг Ўзига хос фаолияти мавжуд, шунга қарамай, Муқаддас Китобда Худо бўлинган эмас, У бирдир, деб таъкидланади. Шунинг учун, Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ – Худо фаолиятининг барча қисмида қатнашишади.

Танлашда, борлиқни яратишда ва Ўғлини юборишда Ота Худонинг Ўзига хос фаолиятини кўришимиз мумкин. Лекин, Ўғилнинг шахси ва фаолияти ҳақида айтмасдан, “Худо оламни шунчалик севдики” дейиш етарли бўлмайди.

Иккинчидан, Муқаддас Руҳнинг ҳам Ўзига хос фаолияти мавжуд. У бизга имон ва янги туғилишни улашади, Масиҳ ҳақида юракларимизда гувоҳлик беради, Худонинг халқига ҳамроҳ бўлиб, уларни муқаддас қилади.

Буларнинг барчаси керакли ва муҳим бўлса-да, Хушхабарсиз улар мавжуд бўлолмайди. Шунинг учун биз уларни Хушхабардан фарқлашимиз керак. Улар Исо Масиҳ Хушхабарининг самараси ва мевасидир.

Учинчидан, мен ёки сиз Хушхабарга жавобан қиладиган ишларимиз Хушхабар эмас. Тавба қилиш ёки имон келтиришни Хушхабар, деб айтолмаймиз. Хушхабар туфайли Муқаддас Руҳ мана шу ишларни қила олишимиз учун имкон яратади.

Ишонмайдиган одамга Масиҳга имон келтиришинг, Хушхабарга ишонишинг, тавба қилишинг керак, дейиш тўғри, лекин бу Хушхабар эмас. Хушхабар бўлиши учун, Масиҳ ҳақида нималарга имон келтириш кераклиги, Хушхабарнинг нималиги ва нима сабабдан тавба қилиш зарурлини айтиб беришимиз зарур.

Янги Аҳдда Масиҳнинг тарихий шахслигига, имон орқали Худонинг дўсти бўла олишимиз учун У қандай иш қилганлигига махсус урғу бериб ўтилган. Шу билан бирга, Масиҳ Эски Аҳддаги барча ваъда ва умидларни амалга оширгани, уларни бажо келтиргани таъкидланган.

Шу сабабли, Муқаддас Китобни тўғри тушуниш учун воқеаларнинг муҳимлик даражасига катта эътибор қаратиш зарурдир. Шунинг билан азизлар, мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top