Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Эркаклар аёлларга нисбатан ўртача беш йилга кам яшашади. Шу боис эркаклар соғлиғига катта эътибор қаратиш ва уни кенг муҳокама қилиш зарур. Статистикага кўра, 5 нафар эркакдан биттаси йил мобайнида бирорта тиббий текширувдан ўтмайди. Шуни унутмангки, касални даволагандан кўра, унинг олдини олган яхшироқ. Ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш соғайиб кетиш имкониятларини оширади. Қуйида ҳар йили бутун дунё бўйлаб юзлаб эркакларнинг ўлимига сабаб бўлувчи энг хавфли касаллик ва уни юзага келтирувчи омиллар ҳақида сўз юритамиз.
Соғлиғингиз учун ўз вақтида қайғуринг ва аянчли статистика қаторини тўлдирманг. Юрак-қон томир касалликларидан вафот этувчилар сони саратоннинг барча турларини қўшганда вафот этадиган кишилар сонидан ҳам кўп. Дунё бўйлаб ҳар йили 325 000 эркак киши юрак касалликлари туфайли ҳаётдан кўз юмади, бу эса ушбу касалликни катта ёшлилар орасида ўлимга олиб келувчи энг хавфли касаллик сифатида қайд этилишига сабаб бўлади. Агар статистикага назар ташлайдиган бўлсак, 4 нафар эркакдан биттаси шу касалликдан жон беради. Шу боис турмуш тарзингизга танқидий кўз билан қараб, керак бўлса, унга ўзгартиришлар киритинг.
Чекиш юракка жуда салбий таъсир кўрсатади ва юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқарувчи асосий омил ҳисобланади. Чекувчи эркакларда чекмайдиганларга нисбатан стенокадия ва миокард хуружи касалликлари 2 баробар, юракнинг ишемик касаллиги 2,2 баробар, тўсатдан ўлим эҳтимоли эса 4,9 баробар кўпроқ учрайди. Ортиқча вазн ҳеч кимга зеб бермаслик билан бирга юрак-қон томир тизими фаолиятини бузади.
Семизликнинг энг хавфли тури — бу висцерал ёки қорин ёғи, у атеросклероз ва юқори тромб ҳосил бўлишига олиб келади. Ёдингизда бўлсин соғлом эркаклар учун максимал бел айланаси ўлчами 102 сантиметр бўлиши керак. Агар сизнинг параметрларингиз чегарадан чиққанини сезсангиз, уларни меъёрга келтиришга киришинг. Ортиқча вазн тўплаш ҳеч қандай яхшиликка олиб келмайди, чунки у туфайли ҳаракатланишингиз оғирлашади.
Камҳаракат ҳаёт тарзи — юрак-қон томир касалликлари учун энг мукаммал шароит яратади. Барча органлар ва тўқималарда қон айланиш тизими бузилади, тизимлар яхши ишламагандан кейин эса организм вақтидан илгари қарийди. Шундай экан, кўпроқ ҳаракат қилинг! Шифокор қандай тавсиялар бермасин, соғлом парҳезга амал қилиш ҳеч кимга ҳалал бермайди. Мевалар, сабзавотлар, ёнғоқлар ва зайтун ёғи юрак учун жуда фойдалидир. Бунга яна жисмоний фаолликни қўшсангиз, нур устига аъло нур бўлади. Ҳафтада 5 марта, кунига 30 дақиқа жисмоний машқлар бажаришни ўз олдингизга мақсад қилиб қўйинг. Шунда сиз эркаклар соғлиғига энг катта хавф солувчи юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этган бўласиз.
Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.