2:51

Дори қутисида нималар бўлиши керак?

MP3

Ассалому алайкум. Ҳар бир оилага бир дори қутиси керак, албатта. Дори қутиси қандайлигига қараб, оила ҳақида бир қарорга келиш мумкин. Сизнинг дори қутингиз қандай? Кимдир дориларни махсус шкаф ичида сақлайди, бошқалар эса музлатгичда, яна бошқалар оддийгина халтада. Хўш дориларни қаерда сақлаш керак? Дорилар мумкин қадар болаларнинг қўли етмайдиган жойда, махсус қути ичида бўлгани яхши, шунда ҳиди ҳам чиқмайди. Музлатгичда сақланадиган дориларга келсак, баъзи дорилар чиндан ҳам салқин жойда сақланиши керак.

Уларни музлатгичда сақлаш учун ҳам аввало махсус пластик идиш ёки пакет ичига қўйиб сўнгра музхонанинг бир четига жойлаштиринг. Дориларнинг оғзи яхши ёпилганига ва музхонадаги озиқ-овқатларга зиён етказмаслигига эътибор қилинг.

Дори қутиси учун энг маъқул жой ошхона, чунки шу ерда куйиш ва кесиб олишлар кўп рўй беради. Ундан ташқари сиз олишингизга қулай бўлган жойда бўлсин, қўлингизни кесиб олиб, дори қутисини ичкаридан чиқариб олишга уриниб ҳамма жойни қон қилишингиз мумкин.

Болалар учун турли шамоллашга қарши дорилар ҳам дори қутингиздан жой олиши керак. Болали уйда болалар учун тез-тез керак бўладиган пластирлардан кўпроқ жамғариб қўйинг. Чунки болалар тез-тез қўлларини жароҳатлаб туради. Расмли бўлса яна ҳам яхши чунки бу болаларнинг чалғишига ёрдам беради. Дориларни ишлатишдан олдин унинг муддати ўтган-ўтмаганига эътибор қилинг. Таблеткалар қуруқ жойда сақлансин. Дори қутингизни ҳам уч тўрт қисмга ажратсангиз, дориларни зарур вақтда тезда олишингизга ёрдам беради.

Дори қутиси ичида энг муҳими энли энсиз бинтлар, яраларни зарарсизлантириш учун йод ёки водород перекись, бир қадоқ стерилланган пахта ва Худо сақласин-у, ҳар эҳтимолга қарши резинали жгут олиб қўйинг.

Куйган ҳолларда ишлатиш учун ҳам дорилар бўлиши керак. Масалан, юмшатадиган мазлар ва оғриқни қолдирадиган спрейлар бўлсин. Ғоз ёғи ҳам куйганда ишлатишга жуда фойдали.

Ҳар бир дори қутиси ичида оғриқ қолдирадиган дорилар бўлсин. Масалан аналгин, аспирин, кеторол, нурофен ва ҳокозолар…

Оилангизда кимдир бирор сурункали касалликка чалинган бўлса, ўша касалликка даво қиладиган махсус дорилар туриши керак.

Юқорида айтилганлардан ташқари ҳар бир дори қутисида хушдан кетганда ҳидлатиш учун нашатир спирти бўлиши керак.

Ундан ташқари иссиқни туширадиган дорилардан парацетамол, аспирин бўлсин. Дориларни олаётганингизда болалар ва катталар учун олинг.

Уйингизда ҳеч кимни юрак муаммоси қийнамаса ҳам дори қутингиз ичида юрак учун зарур бўлган баъзи дорилар, масалан: нитроглицерин ва корвавол каби дорилар турсин.

Энг муҳими дори қутингизда овқат ҳазм тизимини яхшилайдиган, овқат ҳазм қилишга ёрдам берадиган дорилар ҳам бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top