2:49

Кулги ва нафас даволай оладими?

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. «Кулги – саломатликнинг танқис шифоси, чеҳранинг гули»,  деган доно ҳикматни эшитгансиз, албатта. Чиндан ҳам кулги одамни дард-ҳасратдан, ғам-ташвишдан фориғ этадиган, кўнглига ёруғ нур бағишлаб, яшашга, саломатликка, гўзалликка ундайдиган малҳамми? Хўп, кулги бахтли ҳаёт, шодлик нишонаси саналади, йиғлашнинг ҳам фойдаси бор деган қарашларга фикрингиз қандай? Кўпинча асаб бузилиши, бирор кўнгилсизлик, ғам-ташвиш натижасида юзага келувчи кўз ёши тўкишнинг фойдали томонлари нимадан иборат?

Тадқиқотчиларнинг фикрича, одам юракдан ёзилиб кулса, соғлиғи яхшиланади, енгил тортади, руҳи тетиклашади, иштаҳаси очилади, умри узаяди. Кулги бутун организмга таъсир қилиб, унинг ҳаётий фаоллик даражасини, яъни тонусини оширади. Кулгидан киши кайфияти кўтарилади, димоғи чоғ бўлади. Физиологларнинг илмий текширишларига қараганда, кулги, хурсандчилик натижасида меъда ҳажми кичиклашиб, тўлқинсимон кенгайиш ва торайиш ҳаракатлари кучайиб, овқат тез ҳазм бўлади ва организмга яхши сингийди.

Шунингдек, кулги аввало бош мия учун куч-қувват бахш этади. Чунки одам кулганда юз мушаклари қисқариб, бошдаги томирлардан вена қони равон ҳаракатланади. Артерия томирларидаги кислород ва озиқ моддаларга бой бўлган қон ҳаракати эса ўзгармайди. Натижада капиллярларда ва томирларда босим ошади, бош мия қон билан яхши таъминланади. Энг муҳими, кулги мия қобиғидаги импульсларнинг юришини тезлаштиради.

Бу эса янги ахборотларни қабул қилиш ва вақтида ўзлаштиришга ёрдам беради. Натижада мия чарчамайди, зўриқмайди. Бундан ташқари кулги ўпкада ҳаво алмашинувини яхшилаб, кишининг меҳнат қобилиятини оширади, иродани мустаҳкамлайди. Шунингдек, нафас олиш аъзолари фаоллашади. Чунки кулгу чуқур нафас олиш билан бошланади ва «хо, хо, хо» ёки «ҳа, ҳа, ҳа»да нафас бўлиб-бўлиб чиқарилади.

Кўпчилик олимлар фикрича, кўкрак қафасининг кенгайиши худди насос сингари бошда ишланган қонни тортади ва вена томирларида қон босимини камайтиради. Кулги эса бу ўзгаришларни активлаштириб, қон оқимини яхшилайди, бошқача айтганда, мияни ва ички аъзоларни ўзига хос массаж қилади. Одам маза қилиб кулгандан кейин енгил тортишига, руҳи тетиклашишига сабаб ҳам шу бўлса керак. Абу Али ибн Синонинг «Бемор кулаётган лаҳзалари юз фоиз соғлом одам ҳолатида бўлади!» деган гапини ҳар доим эсда сақланг.

Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top