4:10

Қора доғ

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сиз азиз тингловчиларимиз билан яна тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиз учун Худога шукроналар айтамиз. Азиз биродарлар, Муқаддас Китобнинг Ибтидо Китоби 38 бобида, инсоният тарихидаги гуноҳнинг қора доғи ҳақида гап кетади. Келинг азиз биродарлар, шу хақида бироз суҳбатлашсак. Аҳлоқсиз ва бузуқ дунёда бунга ўхшаган нарса неча мароталаб қайтарилган. Шунга қарамасдан энг аҳамиятлиси шундаки, шундай гуноҳли шароитда юзага келган айнан Яҳудо қабиласидаги Парас оиласи орқали муқаддас ва пок Раббимиз Исо Масих дунёга келди.

Бироқ нопокдан покнинг келиб чиқиши мумкин бўлмаганидек, ҳазрати Исо ҳам эр хоҳишидан эмас, балки Муқаддас Руҳдан туғилгани барчамизга аён. Шунинг учун ҳам У Яҳудо ва Параснинг гуноҳини мерос қилиб олмади. Бу Худованднинг марҳамати кенг эканлигидан далолатдир. Худованднинг Ўғли Ўзининг туғилиши орқали У гуноҳкорларнинг дўсти эканлигини ва уларни қутқариш учун келганини исботлади. Яҳудо билан бўлган воқеа эса биз учун огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади: дунёда Худосиз яшаётган одам мана нималарга қодир. Худованд ҳар доим яқин эканлигига бўлган ишончгина бизни гуноҳ қилишдан сақлайди.

Яҳудо Ёқубнинг уйидаги паст даражадаги одамлардан эмас эди: уни ҳамма ҳурмат қиларди ва бутун теварак-атрофда унинг обрўси бор эди. Лекин шу билан бирга у гуноҳкор эди. Бироқ уни ҳукм қилишга шошилмайлик, азиз биродарлар. Бугунги кунда ҳам шундай одамлар борки, улар ҳам Яҳудо сингари гуноҳ қилиб тавба қилмайдилар, атрофидагилар эса уларни ҳурмат қилиб, кўкларга кўтаришади. Ибтидо Китобининг 39 боби 1 оятидан то 20 оятигача бўлган жойларни ўқисак, кўп нарса ҳар биримизга аён бўлади. Қуёш нурлари ёритиб турган, тоза ва беғубор кўл баъзан, одам ботиб қоладиган ботқоқлик ёнида жойлашганидек, бу китобда ҳам ўттиз саккизинчи ва ўттиз тўққизинчи боблар ёнма-ён келади.

Биринчисида Худосиз яшаётган одамнинг ишлари тасвирланса, иккинчисида Худованд билан бўлган ҳаётнинг мевалари тасвирланган. Мисрликларнинг муқаддас дарёси бўлмиш Нил қирғоқлари бўйлаб кенг ажойиб шаҳар жойлашган эди. Шаҳар узра эса жанубга хос булутсиз осмон ястаниб ётарди. Қуёшнинг иссиқ нурлари баланд пирамидалардан акс этган ҳолда томдаги боғларни, ҳашаматли саройларни ҳамда оқ мармар устунли уйларни ёритиб турар эди. Тиканлари билан ҳурпайиб турган кактусларда пушти ва қизил рангдаги йирик гуллар қизариб турарди. Бироқ гулларни ушлаб кўрмоқчи бўлганга тиканлари ўлгудай санчилиши мумкин.

Азиз радио тингловчи биродарлар, инсон кўзига кўпинча гуноҳ ишлар чиройли ёки ёқимли бўлиб кўринади. Агарда шу ёқимли гуноҳ ишларни амалга оширсангиз, унинг чиройли гуллари остида оғриқли тиканлари қўлларингизга ва юрагингизга санчилиши муқаррар. Каломда айтилганидек, ҳамма нарсалар ҳам инсонга фойдали бўлиб хизмат қилавермайди. Азизлар, бу билан айтмоқчимизки, доимо Худованд бизни ҳушёрликка чорлайди. Шунинг билан азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Азизлар, сизга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Албатта ўз фикр ва мулоҳазаларингизни бизга ёзиб юборинг. Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг, азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top