Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Кўпинча ёлғонни бизга бошқа бир одам айтади. Аниқроғи душманимиз шайтон уни бошқа одам орқали бизга етказади. Агар биз унга ишониб қолсак, Худонинг биз ҳақимиздаги ҳақиқатини англай олмаймиз. Агар сиз Худонинг ўзингиз ҳақингиздаги фикрини билмоқчи бўлсангиз, ҳазрати Сулаймоннинг “Қўшиқлар” китобини ўқиб кўринг. У ерда сиз билан бизнинг ҳикоямиз ёзилган. Сулаймон пайғамбарнинг қўшиқлар китобида шундай ёзилган: “Қоралигим учун менга паст назар билан қараманглар. Қуёш нурлари мени қорайтирди. Ака–укаларимнинг мендан жаҳли чиқиб, Мени узумзорлар қоровули қилиб қўйишди, Аммо ўз узумзоримга қарай олмадим” Бу бизнинг ҳаётимиз учун ҳам ҳақиқат. Бу оятда ўша қиз ҳақида айтилган ёлғонни кўришимиз мумкин. Унинг атрофидагилари, бу қизни “қора”, “хунук”, “эътиборга арзимас”, деб айтишган.
Narrator 2 Унга паст назар билан қарашган ва уни эътиборга лойиқ эмас, деб билишган. Шунинг учун ҳам, уни ўз ишини қилишга қўймай, ўзларининг ишларини қилдиришди. Бизнинг ҳаётимизда ҳам шундай нарса содир бўлади. Эътибор қилинг, бирор бир жойда ишлайсиз, агар сиз ўз қадрингизни, ўз вазифангизни ва ўзингиз ҳақингиздаги ҳақиқатни билмасангиз, бошқалар сизга ўз ишларини қилдирадилар. Сиз ўзингизни етарлича қадрламаганингиз, ўзингиз ҳақингизда ёлғонга ишонганингиз учун, атрофингиздагилар ҳам сизни қадрлашмайди. Сизга етарлича эътибор қилишмайди ва ҳурмат ҳам қилишмайди. Бошқалар сизга ишини топшириб қўйиб, ўзлари мазза қилиб дам олаётганида сиз улар учун ишлайсиз. Ҳали у одамнинг ишини қиласиз, ҳали бошқасини, хуллас кейин ўз мажбуриятингиз ва ишингизни қилишга кучингиз ҳам вақтингиз ҳам қолмайди.
Narrator 1 Бу “Сен етарли даражада тажрибали эмассан, шунинг учун уларнинг кўнглини олиш учун улар айтган ишни қилишинг керак”, “Сен етарлича ақлли эмассан”, “Сен эътиборга лойиқ эмассан”, “Сен жозибали эмассан”, “Сен етарли даражада билимли эмассан”, каби ёлғонларга ишониб қолганингиз ҳаётингизни оғирлаштиради. Ишда ҳам шахсий ҳаётда ҳам ўз вазифаларингиз ва мажбуриятингизни тўлиқ бажара олмайсиз. Бу ёлғонларга ишониб қолсангиз, одамлар сиздан фойдаланишади. Аммо бунинг учун ҳеч қандай фойда олмайсиз. Юқоридаги оятларда бу қиз ҳам шундай бошқаларнинг ишини қилгани учун, ўзига қарашга, гўзал бўлишга вақти қолмайди. Бошқалар эса, ҳамма ишини унга бериб қўйиб, яна “Сен хунуксан, қорасан”, дейишади. Бу ерда асосий аянчли ҳолат бу эмас. Қиз ўзининг нима учун бунчалик қора эканини аниқ айтади. “Қуёш нурлари мени қорайтирди.” У кўп ишлагани учун шунчалиқ қорайиб, кўримсиз бўлиб қолганини биларди.
Narrator 2 Энг аянчли ҳақиқат бу “Ака–укаларимнинг мендан жаҳли чиқиб, Мени узумзорлар қоровули қилиб қўйишди, Аммо ўз узумзоримга қарай олмадим”, деган қисмидир. Биз бошқаларнинг ишини қилиб туриб, Худо бизга берган жавобгарликларни бажара олмаймиз. Худонинг биз учун берган вазифаси ва ҳолати қолиб кетиб, бошқа биз учун берилмаган ишларни қилсак, кейинги ҳолатимиз қанчалик аянчли бўлишини тасаввур қиляпсизми? Бунинг оқибатида ичимизда ғазаб пайдо бўлади. Биз ўз ишимизга улгура олмаётганимиз учун жахлимиз чиқади ва ичимизда қотиллик руҳи пайдо бўлади. Бошқаларни эмас, ўз ўзимизни ўлдираётган, емираётган бўламиз. Ҳаётимиз изидан чиқиб кетади. Оиламизга, ўзимизга, биз учун Худодан берилган вазифаларимизга вақт ажрата олмаймиз. Буларнинг ҳаммаси шайтоннинг ёлғонларига ишонганимиз ва Худонинг биз ҳақимиздаги ҳақиқатини билмаганимиз сабаблидир.