MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Ҳаётимизда бизни Худодан узоқлаштирадиган нарсалар жуда кўп. Улардан бири бу – уят. Уят — қилган ишларимиз оқибатида ёки ҳеч қандай сабабсиз ҳам келиб чиқиши мумкин. Тасаввур қилинг, бир аёлнинг икки қизи бор. У бирига ҳаддан ташқари эътибор бериб, унга чиройли кийимлар олиб беради ва иккинчисини эътиборсиз ташлаб қўяди. Шунда эътиборсиз ташлаб қўйилган қиз ўзи бундай нарсани ҳис қилиш учун ҳеч нарса қилмаган бўлса ҳам, уятни ҳис қилишни бошлайди. У борлигидан, шу оилага ортиқчалик қилаётганидан уялиб тортинишни бошлайди. Бу ҳаммаси яқинлари томонидан берилган ёлғон. Агар биз ҳам бизга бошқалар ва яқинларимиз томонидан берилган ёлғонларни қабул қилсак, бу нарса бизни Худодан узоқлаштиради. Худога хизмат қилишга халал беради. Одамларга қўшилишга, бирор бир имкониятни қўлга олишга тўсиқ бўлади.

Narrator 2 Бу уятни бир четга олиб қўйиш учун сизда қатъият ҳам бўлиши керак. Сиз қатъиятли бўлсангиз ва Худонинг ўзингиз ҳақингиздаги фикрини ва ҳақиқатини яхши билсангиз, уятдан ҳалос бўла оласиз. Чунки Худованд сизни танлади. Ўзининг оиласида бўлишингиз учун, шоҳаншоҳ руҳонийлари қилиб, муқаддаслар деб танлади. У сизга “Сен Меникисан, Мен сени исминг билан айтиб чақираман”, дейди. Худонинг бу сўзлари сизга қатъият беради ва ичингиздаги уятни рад эта оласиз. Уят икки хил йўл билан келади. Асоссиз ҳолда шайтондан. Шайтон ёлғонларини ишлатиб, бизни асоссиз уятда ушлаб туради ва Худонинг йўлида эркин ҳаракатланишимизга ҳалал беради. Иккинчиси эса ўз қилмишларимиздан. Келинг, аввал уят ўзи нимани англатишини билиб олайлик. Уят бу – қандайдир нотўғри нарса қилиб қўйдим, дегани. Адан боғида Одам Ато билан Момо Ҳавонинг биринчи гуноҳлари ёдингиздами?

Narrator 2 Улар гуноҳ қилгач, буни яшириш учун ўзларини барг билан ёпишган эди. Уят бу анча ҳалокатли, у ичимиздан емирадиган нарса. Бугун уят деган сўз билан айб деган сўзнинг фарқига бориб олишимиз керак. Айб, бу мен бир ёмон, нотўғри иш қилдим, дегани. Уят эса – мен ўша нотўғри ишнинг ўзиман, деганидир. Биз айбни енгишимиз ва уни олиб ташлашимиз мумкин, аммо уят инсоннинг ўзлигини ичидан емириб, барбод қилади. Агар мен кимнидир урсам, унда мен бу қилган ишим учун айбдорман. Аммо ҳеч нарса қилмасам-да, ичимдаги бир овоз, сен бу ерда, улар орасида туришга нолойиқсан, деса, мен ўзимнинг ҳолатим, кийимларим, гапиришим ва яна бир қанча асоссиз нарсалар учун уялиб, ўзимни четга оламан. Одатда уят ҳисси бизга яқинларимиздан келади. Масалан, эркаклардаги қорин масаласи, ёки аёллардаги туғруқдан кейинги семириш табиий нарса. Бу аслида уят келтирмаслиги керак.

Аммо яқинларингиздан, аянчли танқидлар эшитсангиз, бу танқидлар ичингизда уя қуриб олиб, сизни уятга бошлайди. Энди ташқи кўринишингиздан уяла бошлайсиз. Шу уят сизни бошқариб, қадамларингиз ҳам бесўнақай ташланади. Аслида бунгача, жуда тўғри ва чиройли юрган бўлсангиз, энди бу уят ҳисси ичингизга кирганидан сўнг, “Мен бесўнақайман”, деган фикр асосида қадам ташлайсиз. Албатта бу сизнинг характерингизга ҳам таъсир этмай қолмайди. Сиз энди ўзингиздан кўра келишганроқ, қадди қомати расо одамлар орасида ноқулай сезиб, ўзингизни улардан четга торта бошлайсиз. Шунинг учун, ўзингизнинг Худо олдидаги ўрнингиз ва Унинг фикрини билиш яхши. Нима бўлмасин, уятдан ҳалос бўлиш учун, Худонинг биз ҳақимиздаги ҳақиқатларини билиб олсак, бизнинг ўзимизга бўлган ишончимиз ортади. Ҳаётда жуда кўп ёлғонлардан ҳалос бўламиз ва яшаш осонлашади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top