Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Биз Худонинг улуғвор экани ҳақида яхши биламиз, аммо Унинг улуғворлиги қандай? Бугун сизлар билан Худонинг улуғворлиги ҳақида суҳбатлашмоқчимиз. Юҳанно 1 бобда шундай ёзилган: “Калом инсон бўлди, Орамизда яшади. У иноят ва ҳақиқатга тўлганди. Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик. Бу улуғворлик Отадан келган ягона Ўғилга мансуб эди.” Биз шу оятни имкон қадар тушуниб олишга ҳаракат қиламиз. Биз ҳар йили Мавлуд байрами кунида Исо Масиҳнинг дунёга келганини нишонлаймиз. Калом шундай дейди, “Калом инсон бўлди… Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик. Бу улуғворлик Отадан келган ягона Ўғилга мансуб эди”. Исо Масиҳни кўриш — бу Худонинг Ўзини кўриш эди. Бирор ниманинг ёки бирор кимнинг улуғворлигини кўриш — бу ўша нарса ёки одамнинг тўлиқ қандайлигини кўриш дегани.
Narrator 2 Улуғворлик — бу бирор нимани қандай эканлигини ҳис қилиш, кўриш дегани. Улуғворлик бу инсон кўришга ва ҳис қилишга муҳтож бўлган бир нарса. Шунинг учун ҳам Олимпияда ўйинларида севган командамиз ёки спортчимиз ютганида завққа тўламиз ва ҳайқирамиз. Қандайдир ажойиб ва гўзал жойларни кўриш учун саёҳат қиламиз. Биз улуғворликка ташнамиз. Худди шундай Худонинг улуғворлигини ҳам кўришни истаймиз. Унинг улуғворлигини ўзимизда ҳис қилиб кўришни истаймиз. У қандай бўлса шундайлигича кўришни истаймиз. Шунинг учун ҳам биз Худо яратган мўъжизакор гўзалликни кўриб ҳайратланамиз, ажойиб бетакрор табиатнинг улуғворлиги бизни мафтун қилади. Шунинг учун ҳам биз энг ажойиб тарзда яратилган санъат асари, мусиқа ва яна бошқа Худо яратган борлиқдан, Худо берган илҳомдан илҳомланиб яратилган нарсаларга қараб ҳаяжонга, завққа тўламиз.
Narrator 1 Аммо бу нарсалар билан қаноатланиб қолсак, адашамиз. Бу нарсалар бизни ҳақиқий улуғворликдан, яъни шу яратилган нарсаларнинг ортида турган ҳақиқий улуғворликдан чалғитса, бу нарсалар биз учун бут бўлиб қолиши мумкин. Адашманг, олдингизда турган гўзаллик сизнинг кўзингизни алдамасин. Шу гўзаллик ва улуғворлик ортида турган мукаммал ва чексиз улуғворлик бор. Бу Худонинг улуғворлиги. Биз кўриб завқланган нарсалар бу худди биз ҳали кўрмаган гулнинг хушбўй исига ўхшайди. Агар ўша гулнинг ҳидики шундалик ёқимли, улуғвор ва хушбўй бўлса, гулнинг ўзи қандай экан! Сиз қанчалик бундай улуғворликлардан тотинманг, қанчалик уларни ҳис қилманг, барибир, сизда шу улуғворликларни кўриш истаги сўнмайди. Аслида биздаги яъни инсониятдаги улуғворликни кўриш ва ҳис қилиш истаги бу Худонинг улуғворлигини қидириш ва кўриш истагидир.
Narrator 2 Биз Худони кўришни ва Унинг улуғворлигини кўришни истаймиз, аммо биз уни кўролмаймиз. Эски Ахдда Худо Ўзининг улуғворлигини тоғда кўрсатганида, халқ бундан қўрқиб, Худонинг олдига яқинлашмасликни илтимос қилиб сўрашди. Ёки Мусонинг Худога қилган илтимосини эсланг. Мусо пайғамбар, “Худойим менга Ўз улуғворигингни кўрсат”, деганида Худо, “Менинг улуғворлигимни кўрган одам яшамайди”, деган эди. Қуёшнинг улуғворлигини кўринг. Куннинг қуёшли пайтида унга тик қарай оласизми? Йўқ. Агар Худо яратган қуёш шунчалик улуғворликка эга бўлса, Худонинг Ўзи қанчалик улғвор экан?! Биз гуноҳкор ва ярамас одамлар Унинг улуғворлигини сўрашга ва кўришга ҳам лойиқ эмасмиз. Кўрсак, ўламиз. Аммо биз Худо учун, Худони улуғлаш учун, Унинг улуғворлигини ҳис қилиш учун яратилганмиз.