3:28

Оила тинч бўлиши учун эркаклар нима қилишлари керак?

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз айнан эркакларга тегишли. Оила тинчлигини сақлаш учун ва соғлом гуркираган оила бошлиғи бўлиш учун эркаклар нима қилишлари керак? Бу саволга суҳбатимиз давомида жавоб оласиз. Энг асосий шартларидан бири — сизни уйлантириб қўйишмасин, ўзингиз уйланинг! Яъни оилавий ҳаётга, уни бошқариш, таъминлаш, фарзанд тарбиялашга маънан ва моддий жиҳатдан тайёр бўлгач оила қуринг. Мажбурият юкининг остида эмас, масъулиятни ҳис қилиб, турмуш остонасига қадам ташласангиз, муаммолардан ҳимояланасиз! Иккинчи қадам, аёллардаги ўзига хосликни тан олинг. Яъни уларнинг ҳис-туйғуларга таяниб иш кўришини қабул қилинг. Бироз ваҳимачи, шошқалоқ, таъсирчан, қизиқувчан ва талабчан эканликларини улар ҳам билади. Улар шундай яратилган. Аёл сиздан нимагадир ваъда олиб, то у амалга ошмаганунча тинчимаслиги сизни ҳам шошириши бор гап.

Narrator 2 Шундай кезларда жаҳлингиз чиқмасин. Бу аёлингиз сизни яхши кўрмаслигидан ёки асабингизни эговлашни ёқтиргани учун ҳам эмас, ҳис-туйғуга берилувчан эканлиларидандир. Энг асосий шарт – бу сизнинг оила бошлиғи бўлишингиз. 2-шартдан кўриб турибсизки, аёлларнинг қўлига тизгинни тутқазиб бўлмайди. Қўйиб берсангиз аёллар ойга ҳам учгиси келади. Уйда ҳар доим ҳар қандай масалада охирги ва энг оқил сўзни сиз айтинг. ОИЛА БОШЛИҒИ деган сўзнинг мағзини чақинг. Бу «хотинни қаттиқ ушлаш керак» деган машхур маслаҳат эмас. Гул кўчатини қўлингиз билан маҳкам қисиб ушласангиз, у нобуд бўлади. Бошлиқ бу –– тасарруфидаги корхонани бошқариш, уни ривожлантириш, юксалтириш учун оқилона қарорлар чиқаридиган, уларнинг ижросини таъминлайдиган шахсдир. Сиз ҳам шундай бўлинг. Оилангизнинг бугунидан эртасини, эртасидан индинини чиройли ва яхши қилишга ҳаракат этинг.

Narrator 1 Кейинги шарт: психологик эҳтиёжлар. Булар қуйидагилар. Аёл киши гапириб, маза қилади. Кўрган воқеа-ҳодисаларини кимгадир тўлиб-тошиб сўзлаб берса, енгил тортади. Оилам тинч бўлсин десангиз, кунига ақалли ўн беш дақиқа аёлингизни эшитинг. Нимагадир оғиз жуфтлаганида «Эй…» дея қўл силтасангиз, эртага сизга чиройли муомала қилишга ўзида куч тополмай қолиши мумкин. Аёл зоти ҳар куни мақтов эшитишни истайди. Кунда бир марта бўлса ҳам, «Чиройлисан», «Қўлинг бирам ширин!» «Меҳрибонсан» деган сўзларни айтсангиз, осмонларга учиб кетади, албатта, сиз билан бирга! «Мен севимлиман!» Аёлингиз шу туйғуни ҳис қилишига имкон беринг. У ҳар куни сиздан дил изҳори кутмайди. Ҳафтада, ойда бир «Борингга шукр, хотин!» «Сени қандай яхши кўришимни билсанг эди» деган гаплар дилингиздан тилингизга кўчиб турса, оилангиз янада мутаҳкамлашади.

Narrator 2 Совға кайфият калити. Аслида, оиладаги тинчлик аёлнинг кайфиятига боғлиқ. Унинг кайфияти аъло бўлса, қозонингизда ширин овқат қайнайди, уйингиз саришта бўлади, болаларингизнинг кўзи кулиб туради, сизни «Яхши келдингизми, дадаси», дея кулиб кутиб олади. Бунинг учун эса фақат туғилган кун ва 8 Мартда эмас, кунора кичик-кичик совғалар билан бизни хушнуд қилинг. Ишдан чиқиб, бозорлик қилганингизда аёлингиз яхши кўрган ниманидир харид қилинг. Пистами, конфетми ё шоколад. «Бу сенга, ойиси!» деганингизда, «Эрим кўча-кўйда ҳам мени ўйлаб юраркан, нимани яхши кўришимни биларкан», дея ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетади. Кейинги шарт: тарози палласини тенг ушланг. Аслида икки аёлнинг ўртасида туриб, уларни муросага келтириш ҳам бир санъат! Босиқ ва мулоҳазали бўлинг. Юқоридаги маслаҳатларга амал қилсангиз, оилангиз тинч ва бахтиёр бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top