Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз.
Эски Аҳдда Худонинг адолатлилиги тушунарли ва бой тил билан шу қадар ажойиб ифодалаб берилганки, инсоният адабиётида бундан ортиқроғи топилмайди. Садўмнинг вайрон қилиниши ҳақида эълон қилинган бир пайтда, Иброҳим Худонинг одамлар учун фавқулодда бўлган бу вазиятда Ўзига муносиб тарзда, адолат билан иш тутишига умид қилиб, бу шаҳарда яшайдиган солиҳ одамларни ҳимоя қилиб чиқди: «Асло, солиҳни ёвуз билан бирга қириб ташлама! Солиҳ билан ёвузнинг қисматини баробар тутиш ҳеч ҳам Сенга муносиб иш эмас. Сен бутун ернинг Ҳокимисан, шак-шубҳасизки, Сен адолат билан ҳукм қиласан» (Ибт. 18:25).
Санолар муаллифлари ва Исроил пайғамбарлари, Худони улуғвор ва адолатли бўлган қудратли ҳоким, деб тасаввур қилганлар. «Булутлар ва зулумот Унинг атрофидадир, ҳаққоният ва адолат тахтининг асосидир» (Забур 96:2). Узоқ вақтлар мобайнида келиши кутилган Масиҳ ҳақида, У одамларни одилона ҳукм қилади ва ночорларга адолатли бўлади, деб башорат қилганлар.
Бошқа одамларга нисбатан меҳрибонлик ва хайрихоҳликка тўлиб-тошган муқаддас кишилар дунёвий ҳукмдорларнинг адолатсизлигидан нафратланган ҳолда: «Ё Худовандо, интиқомлар Тангриси! Ё интиқомлар Тангриси, зуҳур этгин! Кўтарилгин, эй ерни Ҳукм қилувчи, мағрурларнинг жазосини бергин! Қачонгача бетавфиқлар, эй Худованд, қачонгача бетавфиқлар тантана қиладилар?» (Забур 93:1-3) — дея ибодат қилганлар. Бу ибодатни ўзи учун қасос олиш илтижоси эмас, балки инсоният жамиятида маънавий адолатнинг ғалаба қозонишини кўриш истаги, деб тушуниш керак. Довуд пайғамбар ва Дониёр каби одамлар Худонинг ҳақлиги билан таққослаган ҳолда ўзларининг ноҳақликларини тан олганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг тавба ибодатлари катта куч ва таъсирга эга бўлган.
«Ҳақиқат Сенда, Худовандим, бизда эса фақат иснод» (Дон. 9:7). Шу пайтгача кучга кирмаган Худонинг ҳукми дунёга тушиб келган пайтда, Юҳанно гўё олов аралаш ойнадан ясалган бир денгиз юзида турган, ғалаба қозонган фаришталарни кўради. Улар Худонинг чангларини қўлига олиб, Мусо ва Қўзининг куйини кўйлашади ва бу куй — Худонинг адолатлилиги, деб аталади. «Ё Раббий, Тангри Таоло, ҳар нарсага қодир Сарвари коинот! Сенинг ишларинг буюк ва ажойибдир. Эй элу халқлар Подшоҳи! Сенинг йўлларинг тўғри ва ҳақдир. Эй Худованди карим! Ким чўчимас экан Сендан? Ким улуғламас экан исмингни? Зеро ёлғиз Ўзинг муқаддассан.
Жамики эллар ҳузурингга келиб, Сенга бош эгиб сажда қилгайлар. Барчага аён бўлди одил ҳукмларинг» (Ваҳий 15:3-4). Адолат маънавий тенглик ғоясини гавдалантиради. Тенгсизлик эса — бевосита қарама-қарши нарса бўлиб, у инсон ўй-фикрлари ва ишидаги тенгликнинг мавжуд эмаслигидир. Ҳукм — бу маънавий ҳолатлар нисбатан адолат ва тенгликнинг қўлланилишидир. Бу ҳукм эса ҳукм қилинаётган киши ўз қалбида ва ҳатти-ҳаракатида ҳақ ёки ноҳақ бўлганлигига қараб, унга нисбатан мурувватли бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин.
Калом ҳақиқатларини юрагингиз варақларига ёзиб қўйишингизни Худодан сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.