Ассалому алайкум. Худо ҳақида билмайдиган, Унга топинмайдиган аёлнинг ўзи йўқ. Ҳамма аёллар Худога ишонади. Аммо Худо биз аёллардан қандай бўлишимизни истайди? Ҳақиқий художўй аёл қандай бўлиши керак. Умуман аёлни яратаётганида Худо унга қандай сифатлар берган? Бу сифатлар ҳозиргача сақланиб қолганми? Бу саволларга мен Лола сизлар билан биргаликда жавоб топамиз. Маълумки яратилиш жараёнида Худо борлиқдаги жамики тирик жонни яратди. Одам Ато эса уларнинг барига исм қўйди. Бироқ ўзига мос жуфт тополмади. Шунда Худо шундай дейди: «Мен унга муносиб мададкор яратаман». Иброний тилида «мададкор» сўз икки хил сўз билан номланади: «ezer» “kenegdo” Бу сўзлар «талабга жавоб берадиган, лойиқ», «куч ёки қудрат» маъноларини англатади. Шунинг учун ҳам бу оятни шундай таржима қилиш мумкин: «Мен унга кучли ва қудратли жуфт яратаман».
Худо яратган аёл одамга маъқул келди. Шунинг учун ҳам калом бу иккиси ҳақида шундай дейди: «Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўладилар» (Ибт 2:24). Худо аёл эркакдан кўра сабр-тоқатлироқ, чидамлироқ қилиб яратиш билан бирга уни ёқимли қилиб ҳам яратган. Аёл кишини ёқтирмайдиганлар борми? Йўқ. Ундан ташқари аёлга севимли бўлиш истагини берган. Чунки Худонинг Ўзи ҳам Уни севишларини, Унга чанқоқ бўлишларини истайди. Демак аёл киши ҳам Худонинг суратида яратилган экан.
Худо инсон зотини Худони излайдиган, Унга ташна ва муҳтож қилиб яратган. Маталлар китоби Худо ҳақида шундай дейди: «Сирли қилиш – Худонинг шуҳрати, ишларни текшириб билиш эса подшоҳ шарафидир». Биз Худо ҳақида кўпроқ билишни истар эканмиз, У биздан бутун қалбимизни Унга беришимизни истайди.
Худо бўлинган юракни истамайди. Худо ўз халқига шундай деган эди: «Мен, Эгангиз Худо, сизларнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худоман» (Чиқ 20:5). Албатта Худо уни севишимизни истайди аммо Ўз қадр-қимматини ҳам билади. У фақат Уни чин дилдан севадиганлар, Уни чин дилдан қидирадиганларгагина Ўзини ошкор қилади. Фақат улардангина, юз фоиз қалбларини Унга беришларини талаб қилади. Худди аёл эридан юз фоиз муҳаббатни талаб қилгандек. Худо аёл кишига Ўзининг кўпгина сифатларини сингдирган. Улардан бири бу раҳмдиллик. Ким ҳам аёл кишидан кўпроқ раҳмдил бўла олади. Исо Масиҳ. У чўпонсиз қўйлардай тентираб юрган оломонни кўриб уларга раҳми келган эди.
Раҳмдиллик ҳақида сўз борар экан, оналар кўз олдимга келади. Улар фарзандининг муаммосини ўзининг муаммосидай, оғриқларини ўзининг оғриғидай ҳис қилади ва унга ёрдам беришга шошилади. Раҳмдиллик бу аёллик фазилатларидан биридир. Бу билан эркаклар раҳмдил бўлмайди демоқчи эмасман. Аммо Худо аёл кишига бошқаларни тушуниш, ҳамдард бўла олиш туйғусини берган экан, раҳмдиллик ҳам уларда кўпроқ кўринади. Бироқ баъзи аёллар ўзларининг аёлликларидан мамнун эмаслар. Қайсидир сабабларга кўра ўзларидаги аёллик сифатларини йўқотганлар. Улар ишончсиз бўлиб қолган. Бу ишончсизлик уларни Худодан ва аёллик сифатларидан узоқлаштиради. Қадрдонлар агар кейинги сафар, аёлнинг энг катта душмани ҳақида гаплашамиз. Аёлнинг Худо наздидаги шаҳсини аниқламоқчи бўлсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга ташриф буюринг.