Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Оиламизнинг фаҳри бу фарзандларимизнинг муносиб тарбия топиб вояга етишидир. Бу фикрга деярли барча ота-оналар бирдек қўшилишлари табиий. Ахир, фарзанд ота-онанинг юзи хисобланади-ку! Фарзанд тарбияси билан шуғулланиш осон эмас. Оилада болалар руҳан ва жисмонан соғлом вояга етишлари учун ота-онадан кўп эътибор ва қурбонлик талаб этилади. Фарзанд тарбияси ҳақида энг тўғри кўрсатмалар бор. Уларни Раббимизнинг таълим-тарбияси билан ўстириш энг тўғри йўлдир. Янги Аҳдда ота-оналар учун иккита аниқ кўрсатма берилган ва биз бир сўзни ҳар икки оятда ҳам кўришимиз мумкин. Бу “ғашига тегмоқ” сўзидир. Эфесликларга 6 боб 4 оятда шундай дейилган: “Эй оталар, фарзандларингизнинг ғашига тегманг. Уларни Раббимизнинг таълим-тарбияси билан ўстиринг.” Колосаликларга 3:21 оятда эса, “Эй оталар, фарзандларингизни ранжитаверманглар, бўлмаса улар тушкунликка тушиб қолади”, дейилган.
Narrator 2 Агар бу икки оятни бирлаштириб мана бундай ўқисакчи? “Эй оталар, фарзандларингизнинг ғашига тегманг, бўлмаса улар тушкунликка тушиб қолади. Аксинча, уларни Раббимизнинг таълим-тарбияси билан ўстиринг.” Биз ота-она сифатида фарзандларимизнинг жаҳлини чиқариши мумкин бўлган гуноҳкорона ва адолатсиз усулларни келтириб ўтамиз. Лекин бундан аввал ҳар иккала оятни биргаликда кўриб чиқамиз. Ҳар иккала оятдаги биринчи сўз бу “оталар” сўзидир. Бу оятлар оталарга мурожаат қилинган бўлса ҳам, кўплаб шархловчилар бу кўрсатмалар нафақат оталар, балки оналар учун ҳам ёзилган деб қараш адолатли эканини айтишади. Юнон жамияти патриархат жамият бўлганлиги сабабли Павлус оналарга оталар орқали мурожаат қилади. Биз эса бу оятни иккаласига ҳам тенг гапирамиз. Ҳар иккала оятда ҳам бир хилда, “ғазаблантирманг” деб ёзилган.
Narrator 1 Бу оятлардаги “ғазаблантирманг”, деган сўз уларнинг ғазабини уйғотманг деган маънода ёзилган. “Уйғотиш” сўзи одатда оловни ёқиш сўзи билан ишлатилади. Билсангиз, кичкина учқун ловуллаган алангани келтириб чиқаради. Бошқа томондан қарасангиз, бу сўзни яна фарзандларингизни қувиб қитиқлаш ўйнаганингизда кайфияти салбий томонга ўзгаришига ҳам ишлатиш мумкин. Ҳаворий Павлус бу оятларда жаҳлини чиқариш, қўзғатиш сўзларини салбий маънода қўллаган. Ота-оналар фарзандларининг ғашига тегмаслиги керак. Баъзан шундай вақтлар бўладики, ўзимиз англамаган ҳолда фарзандларимизнинг ғашига тегамиз ва улар эса табиийки бунга нисбатан ғазаб билан жавоб берадилар. Демак, бир муҳим фикр бор: ота-оналар фарзандларининг жаҳли чиқишига ва аччиқланишига сабабчи бўлишлари мумкин. Ишончим комилки, буни кўпчилик ота-оналар ҳам болалар ҳам биладилар.
Narrator 2 Лекин афсуски, баъзи вақтларда фарзандларимизнинг биздан жаҳли чиқишга ҳақлари бор. Баъзида фарзандларимизни ғазаблантирганимизда улар бунга жаҳл билан жавоб қайтаришади. Агар тўғри жаҳл қилишган бўлса, бунга тўғри жавоб берган ҳам бўлишлари керак. Бизнинг уларга қилган муносабатимиздан кўра, уларнинг бизга қилган жахллари ҳатто тўғрироқ бўлиши ҳам мумкин. Юқорида келтирилган оятнинг давомида, “бўлмаса улар тушкунликка тушиб қоладилар”, дейилган. Тушкун бола қалбини йўқотади. У шу қадар тушкунликка тушиб қоладики, ҳатто умидини ва интилишини ҳам йўқотиб, ҳамма нарсага лоқайд бўлиб қолади. Муқаддас Китобнинг бошқа бир таржимасида, “акс ҳолда тушкунликка тушиб, интилишдан тўхтаб қолади”, деб ёзилган. Бу жуда ҳам афсусланарли ҳол. Биз сизнинг фарзандларингиз бундай аҳволга тушиб қолмаслигига тилакдошмиз.