Ассалому алайкум, қадрли опа-сингиллар. Аёл – оила қўрғонининг устунлари деймиз. Бу рост гап. Аммо шунга яна бир қўшимча қилмоқчиман, аёл – руҳий оиланинг устунидир. Худованд аёл зотини шундай итоаткор ва Унга муҳтож қилиб яратгани учун шукр.
Чиндан ҳам аёл ёрдамга, айниқса Худонинг ёрдамига муҳтож бўлади. Имонли аёл, уйдаги муаммоларини қариндош-уруғига, ота-онасига, ва қўни-қўшниларига достон қилмайди. У хонага кириб, эшикни беркитиб яширин бўлган Худосига илтижо қилади. Ундан муаммоларига ечим сўрайди. Уй аҳлига саломатлик, донолик, барака ва марҳамат тилайди. Сўнг эса Худонинг жавобини сабр-тоқат билан кутади.
Баъзан аёл дунёга аралашиб, ўзи ҳам ундаги аёлга ўхшаб кетаётганини сезмай қолади. Дунёвий аёл каби фикрлаб, у каби иш тутиш унинг учун оддий ҳолга айланади. Хўш, эримдан ўз ҳуқуқимни талаб қилсам, нима бўпти? Мен ҳам одамман-ку! У ҳам мени эшитсин! Шу фикрларга асосланиб, ҳаракат қиламиз. Табиийки, бу нарса турмуш ўртоқларимизга ёқмайди. Орада жанжал чиқади. У бизнинг аввалгидай итоаткор бўлишимизни истайди, биз эса «бўлди, қачонгача, сен ноҳақ бўлсанг ҳам итоат қиламан», деймиз. Қарабсизки, катта жанжал бошланади. Ким ҳам жанжални ёқтирарди? Айниқса аёл киши бунга тоқат қила олмайди. Бу муаммони ўзи ҳал қила олмагач, Худодан ёрдам сўрайди. Худо эса унга Каломдан жавоб айтади. «Эй хотинлар, сиз Раббингизга қандай бўйсунсаларингиз, эрларингизга ҳам шундай бўйсунинглар» (Эф 5:22). Шунда, аёл ўзига келади. Ахир қандай қилиб, Худонинг бу амрини ёдимдан чиқардим. Буни биламан-ку! Нега шундай қилмадим? Агар бошиданоқ, итоат қилганимда, шунча жанжал ва тўпалонлар, асабийлашишлар ва кўнгил қолишлар йўқ эди. Худованд шундай қилиб, Муқаддас Руҳи билан онгимизни туманлардан тозалайди. Каломи орқали бизга йўл-йўриқ беради. Каломда ёзилишича биз хотинлар эрларимизга худди Масиҳга бўйсунгандай бўйсунишимиз керак. Калом: «Эй хотинлар, агар эрларингиз Худога итоаткор бўлиб, қалбини унга топширсагина бўйсунинглар», — демаган. Турмуш ўртоқларимиз, Худонинг йўлидан юрмаётган бўлса ҳам, биз аёллар Худога маҳкам ёпишишимиз керак. Ҳар қандай ҳолатда Худо уларни ўзгартиришига умид қилган ҳолда, Худонинг «эрларингизга бўйсунинг», — деган амрини бажариш керак бўлади.
Инсон зотида худбинлик жуда кучли бўлади. Бу камчилик аёлларни ҳам четлаб ўтмаган. Аёлдаги «Нега фақат мен», — деган савол, кўп ҳолларда унинг Худо йўлидан четлашишига сабаб бўлади. Баъзан аёл ичидаги мана шу исён бош кўтариб қолади: «Нега ҳар доим мен кечирим сўрашим керак? Нега фақат мен оиланинг тинчлигини ўйлашим керак? Нега ҳар доим мен орамиздаги муносабатнинг яхшилиги ҳақида ўйлайман?». Шу каби ўй-фикрлар аёлнинг қўзғалон қилишига, ўз ҳақини талаб қилишга ундайди. Бундан фойда борми? Асло йўқ. Агар эр инсофсиз бўлса, оила тинчлигини ўйламаса, буни аёл киши ўз кучи ва ҳаракати билан амалга ошира олмайди. Эрни ўзгартириш биз аёлларнинг эмас, Худонинг қўлида. Шу исёнлар туфайли кўплаб оилалар бузилиб кетмоқда. Аёл киши эрини ўзгартира олмагач, бундай эр билан яшай олмайман, деб ажрашади. Аввалданоқ оиланинг тинчлиги ҳақида ўйламаган эр ҳам ҳеч қийналмай ажрашади. Бу Худонинг иродаси эмас. Худога ишонган аёл, умид қилиб, Худо турмуш ўртоғини ўзгаритишини кутади. Худо эса уни уялтириб қўймайди.