Ассалому алайкум қадрдон бекалар. Бугунги суҳбатимиз айнан аёлнинг бекалиги, саришталиги ва оила аъзоларининг ғамхўри сифатидаги роли ҳақида бўлади. Айтишларича, дунёда иккита ҳақиқат бор экан – туғилиш ва ўлиш. Аммо аёл ва бека сифатида 15-20 йил турмушда яшагандан кейин ҳақиқат бўлган нарсалар сафига яна баъзи нарсалар қўшиларкан. Биринчиси, инсон тўғри овқатланмай, тозаликка риоя қилмай туриб узоқ вақт танасини соғлом сақлай олмас экан. Иккинчиси, бирор нарсани тоза қилишинг билан, у яна кир бўлишни бошлар экан. Учинчиси, инсон тирик қолиши учун жисмоний мухтожликлар зарур бўлганидай, унга ҳиссий муҳтожликлар ҳам зарур экан. Ҳар овқат вақтида ошқозонимизни овқат – танамизни эса озуқа билан тўлдириб турганимиздай, ҳиссий муҳтожликлар пайтида ҳам кимдир ана шу бўшлиқни тўлдириши керак.
Ҳиссий муҳтожликларимизни тўлдиришга ёрдам берадиган бирор бир аппарат ҳали яратилмаган бўлса-да, жисмоний муҳтожликларимизни қондиришга ёрдам берадиган жуда кўп техник жиҳозлар яратилган. Масалан, ҳар бир аёлнинг ошхонасида мана шундай жиҳозларнинг ҳеч бўлмаганда иккитасини учратасиз. Сок чиқарадиган аппарат ёки миксер. Аммо, аёл ишини осонлаштирадиган ундан ҳам кўпроқ жиҳозлар бор. Буларни санашга ҳатто бармоқларимиз ҳам етмайди. Ошхонадан, хоналарга ўтадиган бўлсак, яна атрофимизда ҳаётимизни осонлаштирадиган ёки қулай қиладиган жиҳозларни кўрамиз. Булар гилам, юмшоқ ёстиқлар, мебеллар, чангюткич, дазмол ва ҳокозолар. Ҳаётимизни осонлаштирадиган шунча нарсалар борлигига қарамай, барибир кимдир, бозорлик қилиши ва овқат пишириши керак. Кимдир уйлар тоза ва озода бўлиши, шинам кўриниши учун уйларни йиғиштириб, қиртишлаши керак.
Минглаб йиллардан буён, мана шу каби ишлар аёлларнинг иши бўлиб келган. Нега? Баъзиларнинг фикрича, бу ишларни эркак киши қилишни истамагани учун аёлга момолардан мерос қолган. Масалан, қадимда эркаклар ҳайвон овлаб келса, аёллар шу ҳайвонни пиширганлар. Фақат шунинг учун бу ишлар аёлга мерос қолганми? Асло. Бизни Худованд уйнинг бекаси ва сариштаси қилиб яратган. Муқаддас каломларда ёзилишича, аёл эрининг ёрдамчиси, ҳаёт ато этувчи, фарзандларининг устози ва уйининг сариштаси сифатида яратилган.
«Кампирлар ёш хотинларга ҳам таълим тарбия берсинлар. Худонинг каломи қораланмаслиги учун, улар ўз эрлари ва болаларини севадиган, рўзғорга жонкуяр, вазмин, иффатли, хушфеъл, эрларига бўйсунадиган бўлсинлар.»
Момоларимиз юқоридаги сўзларга кўра ҳаёт кечирганлар. Улар ўзларининг ҳақиқий вазифалари нималардан иборат эканлигини билиб, шу вазифани муқаддас санаб яшаганлар. Бироқ бугунги кун аёли нималарнидир ўтказиб юбораётганга ўхшайди. Бугун фарзандлар ота-онасига ёрдамлашиш ўрнига ҳаёт кечиришни телевизорлардан ўрганишмоқда. Аёлнинг ҳам бирор нарса пиширишга вақти йўқлиги сабабли, тайёр нарсаларни кўчадан олиб келиб, фарзандларига едирмоқда. Бунинг ҳам ёмон томони йўқ. Аммо, аёл бирор бир пишириқни уйда тайёрласа, фарзандлари ҳам унинг ёнида унга ёрдамчи бўлиб турса, келажакда келин бўладиган ёш қизчалар онасидан кўп нарсани ўрганган бўларди. Эртанги кун оила бошлиғи бўладиган ўғиллар онасини севишни, аёлни қадрлашни ўрганган бўларди.