Ассалому алайкум меҳрибон ва гўзал опа-сингиллар. Турмуш қурганингизга неча йил бўлди? Турмуш ўртоғингиз сизни нима учун севишини биласизми? Бугунги ажойиб ва қизиқарли суҳбатимиз давомида мана шу саволга жавоб топамиз.
У сизнинг ёқимли овозингиз, яхши ишингиз ёки ақлли гапингизга мафтунми? Балки ширин таомларингизнинг шайдосидир? Ëки чиройли қош-кўзингизга учганми? Нега у умрини бошқалар билан эмас, айнан сиз билан ўтказишга тайёр? Бугунги маълумотлар ва маслаҳатлар сизга нима учунлигини маълум қилади.
Бирор оқшомда, айтайлик, тўйда сиз нафақат чиройли, балки ўта жозибали бўлиб кетдингиз. Ҳамма сизга қарамоқда: эркаклар қизиқиш, аёллар эса ҳасад билан! Гап бўлиши мумкин эмас – сиз энг гўзалсиз!
Сиз ўзингизча ўйлайсиз, “Худо берган ҳуснга замонавий косметология ютуқларини қўшиб, шундай натижага эришдимки, энди турмуш ўртоғим бир умрга ёнимда қолади. Фақат бўшашмай, ўзимга қараб юрсам бўлди. У ҳамиша мени севиб яшайди.” Аслида эса, аёл нақадар соҳибжамол бўлмасин, турмуш қургандан 2-3 йил ўтгач, эр унинг гўзаллигини пайқамай қўяди. Аммо сизнинг кичкина бир сирингиз бор: бирга яшаётган жуфтингизни маълум масофада ушлаб туриб, доим ўзингизга нисбатан қизиқишни алангалатиб бора оласиз. Яъни, у сизнинг қалбингизни ҳамон буткул эгаллай олгани йўқ, бунинг учун у ҳали яна меҳнат қилиши, интилиши керак. Агар сиз шундай аёллар тоифасидан бўлсангиз, вақти-вақти билан турмуш ўртоғингизни севишингиз ва қадрлашингизни билдириб туринг. Ё ошкора, ёки бирор ишора билан, хуллас, бу ёғига вазиятга қараб иш тутасиз-да.
Баъзилар эса «Мен сабрли ва уни тушунганим учун эрим мени севади», деб ўйлайдилар. Эрингизнинг кутилмаган муаммоси чиқиб қолди. Уйга қовоғидан қор ёғиб қайтди. Уни қандай юпатишни, гапни нимадан бошлашни билмай турибсиз. Аммо сиз билан суҳбатлашгач, у бироз ҳаловат топиши мумкин. Ўзингизча ўйлайсиз: «Унга қанчалик кўп ачинсам, мени шунчалик кўп севади. Шу қадар сабрли ва тушунган аёлманки, эрим ҳеч қачон мендан воз кечмайди. Агар мен бўлмаганимда аллақачон тамом бўларди.» Аслида эса, сиз бўлмасангиз, онасининг, балки дўстининг олдига борарди. Аммо сизни бунинг учун севмайди. Сизга ўхшаган аёлларда эркакларни ўзига жалб қилувчи бошқа бир хусусият бор. Ҳиссиётларнинг мўътадиллиги. Сиз айрим аёлларга ўхшаб, бўлар-бўлмасга жазавага тушмайсиз. Шу маънода сизга ишонса бўлади.
Аммо баъзи-баъзида сабрли ва тушунадиган аёл ниқобини ечиб, ўзингизни бўш қўйинг. Ҳеч бўлмаса шу гал атрофдагилар сизни тушунишсин. Ўрни келганда сизнинг ҳам нафсониятингиз борлигини, қурбақани ҳам боссанг «вақ» этишини билдириб туринг. Шундагина оғир босиқлигингиз қадрланади.
Хуллас, дунёда аёл қанча бўлса, уларнинг фикрлаш доираси, яшаш тарзи ва ҳарактери турлича бўлади. Улар билан яшаётган турмуш ўртоқлари эса, уларни нима учун севиб уйланганларини ва ҳалигача уларни нима учун қадрлашини яхши билади. Бироқ аёл бунинг сабабини бошқача тахлил қилиши мумкин. Азиз аёллар, агар эрингиз сизни нима учун севишини билишни истасангиз, бизнинг кейинги суҳбатларимизни ҳам ўтказиб юборманг. Ҳамда www.najot.com сайтига кириб, бу ҳақида истаганча маълумотга эга бўлинг.