Ассалому алайкум. Бахтни ҳамма хар хил талқин қилади. Кимдир уни пулда деб ўйласа, бошқаси тинчликда деб билади. Аммо турмуш қуриш бахтини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Ҳар бир вояга етган қиз, турмушга чиқиш, ораста, гўзал рафиқа бўлишни ич-ичидан орзу қилади. Ҳаммага ҳам мана шу орзусига етишиш насиб қилсин… бироқ гўзал, оқила, ишда илмда катта муваффақиятларга эришга, феъли ҳам ажойиб, аммо…ёлғиз қизлар кам дейсизми?! Сизнинг танишларингиз орасида ҳам шундай қизлар бордир? Хўш, у нега шу пайтгача ёлғиз, нима учун бахти ҳеч очилмайди? Муаммо нимада? Руҳшунослар фикрича, бундай қизлар бир неча тоифага бўлинар экан.
тоифа қизлар. Бундай тоифадаги қизларни қиролича дейиш мумкин. Келинг, уни бир қиз мисолида тушунтираман.
Шоҳсанам чиройли, очиқкўнгил, киришимли, қувноқ ва бамаъни қиз. Машинаси, уйи бор, олий маълумотли, яхши жойда ишлайди. Зиёли оилада тарбия топган. Шунга қарамай, ёши 28га чиқса ҳамки ҳамон оила қурмаган. У унча-мунча йигитни назарга илмайди. Бўлажак турмуш ўртоғига қўядиган шартларини эшитиб, неча йигитлар бу қиздан бир чақирим нарида юришларини тушунса бўлади. Бўлажак куёв ичмасин, чекмасин, яхши пул топсин, уни қаттиқ севсин ва Шоҳсанамдан ҳар томонлама «Бир калла балан бўлсин» эмиш. Бордию талабгор бу талаблардан бирортасига озгина бўлса-да жавоб бермасликка журъат этса, мағрур қироличамиз қошларини чимириб, шўрликни «брак»ка чиқарадилар. У ҳам бошқа қизлар каби оилали, фарандли бўлишни орзу қилади, аммо бу орзусига етишиш учун бир қадам бўлса ҳам ташлагиси йўқ. Ҳаёлидаги идеалидан воз кечгиси йўқ.
2 – тоифа. Оғзи куйган қизлар. Бундай қизлар жуда эҳтиёткор бўладилар. Улардан бири Карима йигитларга ишонмай қўйган. Чунки талабалик даврида танишиб, севишган йигити уни алдаб, бошқага уйланиб кетган. Кейин ота-онасининг измига кўра бир йигитга унаштирилди, бироқ тўй бўлмай унаштирув бузилди. Маълум бўлишича, йигит гиёҳванд экан. Бундай қизлар ўз қобиғига ўралиб олиб, ҳеч бир йигитни яқинига йўлатмайди. Орадан бир қанча вақт ўтгач, унинг қалбидаги яралар битиб, қиз яна оила қуриш, фарзандли бўлиш ҳақида ўйлайдиган бўлди. Аммо энди ҳар бир йигит унинг кўзига алдоқчи, гиёҳванд бўлиб кўринади. Бундай қизларга қандай маслаҳат бермоқ лозим? Ундайлар бадгумонлиги сабабини англашга ҳаракат қилмоқликлари керак. Йигитларга озгина бўлса-да, ишонишни ўрганиши, кўнгил эшигини озгина очмаса, йигитлар уни таққиллатавериб охири чарчаши мумкин.
3 – тоифа. Эрсиз қолмасам бўлди. Бу тоифадаги қизлар болалигидан келин бўлишга ҳавасманд бўлишади. У чиройли, қадди-қоматида ҳеч қандай қусур йўқ қиз. Бироқ совчи қўйган йигит бир-икки учрашувдан кейин йўқ бўлиб кетади. Айтишларича, у иккинчи учрашувдаёқ, ўзини йигитнинг хотинидай тута бошларкан. У бир-икки учрашувга чиққан йигитга ҳаддан ташқари эътиборли бўлиши йигитларни чўчитаркан. Бундай ҳолатда нима қилмоқ керак? Бунинг учун келажакка аниқ мақсадлар қўйиб, учрашувга чиққан йигитга эрдек қарашни бас қилишлари керак. Танишган йигитнинг шахсий ҳаётига тезда киришиб кетиш яхши ҳислат эмас. Бу йигитларни чўчитади. Бундай қизлар учрашувларда ўзларини эркин, оила қуриш худди уларга эмас, йигитларга керакдек тутишлари тўғри бўлади.